Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшлар, спорт, соғлиқни сақлаш, электр энергияси соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишар экан, ҳар бир маҳаллада аҳолининг кундалик талаб-эҳтиёжларига жавоб берадиган шарт-шароитлар яратилиши кераклигини қайд этди.

Шавкат Мирзиёевга маҳаллаларда спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳа таклифи тақдим этилган, бироқ президент бу лойиҳаларни маъқулламай, қайта кўриб чиқиш бўйича ўз тавсияларини берган.

«Тасаввур қилинглар: қишлоқларда оддий одамларга нима керак, ёшларга нима керак? Болалар кечқурун нима ўйнайди? Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади? Шуларни ўйлаб, халқимиз хоҳишини инобатга олиб, лойиҳа қилиш керак. Масалан, маҳаллада мактаб, стадион бор. Шунинг ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиш мумкин. Бунга керак ҳамма нарса ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти», — дея иқтибос келтиради Мирзиёев сўзларидан давлат раҳбари матбуот-хизмати.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ҳар бир маҳаллада ҳаммомларни ташкил этиш таклифини илгари сурган.

«Ҳар бир маҳаллада ҳаммом бўлишини хоҳлайман. Ҳаммом йўқ. Ҳаммом ёнида савдо дўкони бўлиши мумкин, лағмонхона, сомсахона, кичик, ўша маҳаллабоп. Спорт билан шуғулланишга келаётган болаларга ота-оналари озроқ пул берсин, „сомса, пирожки еб оласан“, деб. Спорт билан шуғулланиб чиққан бола ҳаммомда чўмилса, „ҳовуридан тушади“, дейишади-ку… Ҳаммомни ҳафтада икки кун аёллар, икки кун — эркаклар, икки кун — ёшлар учун ташкил этиш мумкин», — деди президент («Ўзбекистон 24» телеканали орқали намойиш этилган сюжетга кўра).

«Хоналарнинг биттасида — кутубхона бўлади, Wi-Fi улаймиз — электронга айланади. Қишлоқ, маҳалла етакчиси шу ерда ўтиради. Футбол ўйнашади, ҳаммомга боришади, палов ейди, мулоқот қилади. Маҳаллада ҳаёт қайнаши керак, ҳаёт. Агар шуларни амалга ошира олсак, ёшлар эрталаблари ҳам, кечалари ҳам кутубхонада тўпланишни бошлайди», — деди президент.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, мақсад — спортни оммалаштириш.

«Агар 9309 маҳаллаларда болалар спорт билан шуғулланишни бошласалар, биз аҳолининг 35 фоизи орасида спортни оммалаштирган бўламиз, шунда рақам 33% эмас, балки 63% бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

2018 йил январь ойида ҳукумат томонидан чиқарилган қарорга мувофиқ, 2025 йилгача Тошкентнинг ҳар бир туманида 10 тадан бассейн қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш режалаштирилган эди.