«Менимча» кўрсатувининг навбатдаги сонида президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда 25 январь кунидан бошлаб кузатилган энергоинқироз ҳақида фикр билдирди. Кўрсатув Ўзбекистон24 телеканалида эфирга узатилди.

«Кеча мен нимага биринчи бўлиб ОАВларга чиқинглар, гапиринглар, айтинглар дедим. Ҳеч нима яширмаслик керак, офат келди. Уни ким кутганди?.. Одамлар саросимага тушиб қоларди. Кеча биз жуда катта информацион хуруж қилдик. Ҳар бир дақиқани, метродан қанчани олиб чиқдик, тоғдан қанчани олиб келдик, мошинада қанча бўлди, нечта светофор ўчди, ЙПХ ходими қаерда турибди, телефонни ёқиб бақирдик. Бақиртирдим буларни (раҳбарлар назарда тутилмоқда — таҳр.)», — деди у.

Давлат раҳбари 26 январь куни одамлар кўриши, саросимага тушмаслиги учун бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга пиёда юринглар деб топшириқ берганини айтди.

«Кечаси билан ҳеч ким ухлагани йўқ. Нимага ухламадик? Биронта одамни йўқотмайлик деб ҳаракат қилдик», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, энерготизим жуда мукаммал эканлиги, электр ҳисоблагични очиб, улаш билан иш битмаслигини қайд этди. «Жуда катта хатар келди. Бир кунда ҳамма нарсани ўчириб ташлади», — деди президент.

Қолаверса, у блэкаут вақтида кўпроқ нимадан қўрққанини маълум қилди.

«Менинг энг катта қўрққаним [Сирдарё ИЭС] станция ёниб кетмасин, дедим. 1982 ё 1983 йил Сирдарёда олтита энергоблок ҳам ёниб кетган. Ҳозиргидек авария бўлган. Агар шунақа бўлганда, ҳозир нима қилардик? Бир одам ўлмасин деб, ҳар дақиқада Абдулла Ниғматовичга [бош вазир Абдулла Арипов] одамлар билан гаплашинг, эҳтиёт бўлайлик [дедим]. Кеча неча фоизга оқарди сочимиз? Кечаси билан неча марта гаплашдик?», — деди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 25 январь куни KEGOC бошқаруви раиси ўринбосари Бакитхан Жазикбаев «Настоящее время»га берган интервьюсида Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда авария юз бергани, буни оқибатида станциянинг 4та энергоблоки ишдан чиққанини айтган эди. Бу Қозоғистон энергетика тизимидаги кучланишнинг ошишига олиб келди.

26 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бошқармаси бошлиғи Абдумалик Назиров Сирдарё ИЭСда носозлик юз берганини тасдиқлади: «1600 МВтлик катта қувват йўқотилди (ИЭСнинг умумий қуввати 3200 МВт — таҳр.). Аварияга қарши ҳимоянинг [ишга тушиб кетиши] натижасида бутун республика бўйлаб ишлаб чиқариш объектлари тизимдан узиб қўйилди.

Пайшанба куни қозоғистонлик электроэнергетика бўйича эксперт Петр Своик «Газета.uz»га берган интервьюсида авария Сирдарё ИЭСда содир бўлгани ҳақида гапирган эди. У, шунингдек, минтақа энергия ҳалқаси қандай таркиб топгани ва инқироз яна такрорланиши мумкин ёки йўқлиги борасида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги жума куни бош вазир раислигидаги ҳукумат комиссияси юз берган ҳодиса сабабларини ўрганишда давом этаётганини хабар қилди. «Комиссия иши натижаларига кўра, маълумотлар расман эълон қилинади», — дейилади хабарда.

Жума куни Қозоғистоннинг KEGOC электр тармоқлари оператори минтақа энергия тизимидаги узилишлар Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда содир бўлган қисқа туташув туфайли юз берганини яна бир марта тасдиқлади.

Маълумот ўрнида 25 январь куни бошланган энергоинқироз ортидан электр энергия, ичимлик ва иссиқ сув ҳамда газ таъминотидаги узилишлар 28 январь кунига келиб тўлиқ қайта тикланди.