Олий Мажлис Сенатининг 23 ялпи мажлисида «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Сенаторлар интеллектуал мулк соҳасидаги миллий қонунчиликка мувофиқ минтақавий брендларни ривожлантиришнинг воситаларидан бири интеллектуал мулкнинг объекти бўлган товар келиб чиққан жой номлари ҳисобланишини таъкидлашди. У географик объектлар, шу жумладан, маъмурий-ҳудудий бирликлар, табиий объектлар билан узвий боғлиқ.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда фақат 4 та товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилган, шулардан атиги 2 таси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлса, қолган 2 таси хорижий ишлаб чиқарувчиларга тегишлидир.

Бундай ҳолат интеллектуал мулкнинг бу соҳаси Ўзбекистон ҳудудлари маълум бир ҳудудга хос маҳсулотларни, айниқса қишлоқ хўжалиги ва ҳунармандчилик соҳасидаги маҳсулотларни оммалаштириш ва ривожлантиришда имкониятлар етарли даражада бўлмаганини кўрсатади.

«Товар келиб чиққан жой номларига бўлган қатьий талаблар ўрнатилмаганлиги туфайли мамлакатда минтақавий брендлар ривожланмасдан қолмоқда», — дейилади хабарда. Ушбу қонунда илк маротаба «географик кўрсаткич» — товарни муайян географик объект ҳудудидан келиб чиққан товар сифатида идентификацияловчи белги тушунчаси акс эттирилган. Унда товарнинг сифати, ном қозонганлиги ёки бошқа хусусиятлари унинг географик жиҳатдан келиб чиқишига сезиларли даражада боғлиқ бўлади.

Географик кўрсаткич, ишлаб чиқарилаётган товарни белгилаш учун номи қўлланиладиган мазкур географик объектда жойлашган бир нечта юридик ёки жисмоний шахсларнинг талабномасига биноан рўйхатдан ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бошқа манфаатдор шахслар бўлмаган тақдирда эса битта юридик ёки жисмоний шахс рўйхатдан ўтказиши мумкин.

Мазкур қонун ўзининг ноёб маҳсулоти учун белгини рўйхатдан ўтказишни хоҳловчи ишлаб чиқарувчилар сони кўпайишига, энг асосийси минтақавий брендларни ривожлантиришга хизмат қилади, деган фикрда сенаторлар.

Бу эса, ишлаб чиқарувчиларнинг географик кўрсаткич билан ҳимояланадиган қўшимча қийматга эга ўз маҳсулотининг маҳаллий ва хорижий бозорларга чиқишига имкон яратади.

Қолаверса, ҳудудларга туристик оқимининг кўпайиши, «гастрономик туризм»нинг ривожланиши ҳамда ҳудудларнинг туристик жозибадорлигининг ошиши айнан мазкур қонун билан боғлиқлиги сенаторлар томонидан эътироф этилди.

Сенат аъзолари ушбу қонунни маъқуллади.