Ўтган беш йил давомида президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган 5 миллион 780 мингдан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати хабар берди.

Мурожаатларнинг 3 миллион 288 мингдан ортиғи эса қаноатлантирилган.

Таъкидланишича, мурожаатларнинг қаноатлантириш даражаси йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2017 йилда 47,5 фоиз, 2018 йилда — 53,9, 2019 йилда — 60,9, 2020 йилда 60,4 фоиз бўлса, 2021 йили 86,7 фоизни ташкил этган.

Пластик карталар муаммоси — Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқот тизимига асос солгач, дастлабки беш ойнинг ўзида Президент виртуал қабулхонасига бу масалада 7 мингдан шикоятлар келиб тушган. Муаммо таҳлил қилинган, ўрганилган ва мазкур соҳа ислоҳ этилган. «Буни натижасида, 2018−2021 йилларда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига пенсия ва бошқа ижтимоий нафақалар одамлар розилигисиз пластик карточкага тўлиқ ўтказиб юборилаётгани ҳақида деярли мурожаат келиб тушмади», — дея таъкидлайди Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизмати.

Фуқаролик олиш масаласи — келиб тушган аризалар ўрганилиши натижасида, президент ташаббуси билан Ўзбекистон фуқаролигини олиш тартиблари енгиллаштирилган ва шу масалада мурожаат қилган 100 мингдан зиёд оилаларни рози қилиш имконини берган.

Валюта конвертацияси — бу борадаги мурожаатлар таҳлилидан сўнг валюта бозори либераллаштирилиб, конвертациянинг йўқлигига боғланган иқтисодиётнинг эски моделидан бутунлай воз кечилган. Натижада, валюта конвертацияси бўйича 2017 йилда 22 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, бу кўрсаткич 2018 йилда 124 тани, 2019 йили 156 тани, 2020 йилда 101 тани, 2021 йилда эса 33 тани ташкил қилган.

Уй-жой масаласи — cўнгги беш йилда 11 минг 70 нафардан зиёд уй-жойсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бор шахслар, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари, оғир аҳволдаги хотин-қизлар имтиёзли кредит ёки доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида уй-жой ҳамда доимий иш билан таъминланган.

Президент Халқ қабулхонаси матбуот хизматининг қайд этишича, мурожаатлар таҳлили дастурлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини шакллантиришга асос бўла бошлади. Хусусан, ушбу таҳлиллар сўнгги беш йилда чегаралар очилиши, яқин қўшничилик алоқалари тикланиши, фуқаролик, прописка тизимлари, афв этиш, пенсия, валюта сиёсатини ислоҳ қилиш, бузиладиган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш, «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурларини амалга оширишга хизмат қилди.