Президент Шавкат Мирзиёев 30 январь куни ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва спортни оммалаштиришга оид лойиҳалар билан танишди.

Ҳозирда 9309 та маҳалладан 763 тасида спорт объекти, 6 мингдан ортиғида эса кутубхона йўқ. Шунингдек, 10130 та мактабдан 2 мингдан ортиғида спорт зали, 22 тасида кутубхона мажуд эмас.

Президентга спорт масканлари ва кутубхоналар барпо этиш бўйича 3 хил типдаги лойиҳа тақдим этилди. Биринчисида китоб жовонлари ва спорт қурилмалари ўрнатиш, иккинчисида очиқ спорт майдонлари ҳамда учинчисида ёпиқ иншоотлар барпо этиш назарда тутилган.

«Ўзбекистон 24» видеосидан лавҳа.

Давлат раҳбари бу лойиҳаларни маъқулламай, қайта кўриб чиқиш бўйича ўз тавсияларини берди.

«Тасаввур қилинглар: қишлоқларда оддий одамларга нима керак, ёшларга нима керак? Болалар кечқурун нима ўйнайди? Ёши катталар қаёққа бориб, суҳбатлашади? Шуларни ўйлаб, халқимиз хоҳишини инобатга олиб, лойиҳа қилиш керак. Масалан, маҳаллада мактаб, стадион бор. Шунинг ёнида сунъий қопламали мини-футбол майдони, баскетбол, стол тенниси, шахмат-шашка учун жойлар ташкил этиш мумкин. Бунга керак ҳамма нарса ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти», — деди у.

Шу жойларда кутубхона, компьютерхона, ошхона, ҳаммом қурса бўлади, дея таъкидлади президент.

«Келгусида шифокор пунктларини ҳам жойлаштириш мумкин. Умуман, бу орқали ҳам хизматлар ривожланади, ҳам одамлар рози бўлади. Ҳар бир маҳалланинг мана шундай иқтисодий, ижтимоий, илмий маркази бўлиши керак, у ерда ҳаёт қайнаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари лойиҳани такомиллаштириш, маҳалла марказларини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш вазифасини қўйди. Бунинг учун тадбиркорларга имтиёз берилади ва эвазига ижтимоий масъулият юкланади. Куннинг маълум соатлари маҳалла ёшлари учун текинга ажратилади. Эгаси бўлгани учун тадбиркор ҳам даромад топади, мажмуа ҳам қаровсиз қолмайди.