3 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди, деб хабар бермоқда Сенат ахборот-хизмати.

Видеоконференцалоқа шаклида ўтказилиши режалаштирилган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган.

Жумладан, «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги, «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Конституциявий Қонун қабул қилинганлиги муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш ҳақидаги ва «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш кучайтирилиши муносабати билан баъзи қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар муҳокама этилади.

Шунингдек, «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар ҳам кун тартибига киритилган.

Бундан ташқари, сенаторлар Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли Конвенциясини (Женева, 1988 йил 20 июнь) ва МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгилари ва географик кўрсаткичлардан фойдаланишнинг олдини олиш ва унга чек қўйиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни (Минск, 2021 йил 28 май) ратификация қилиш масаласини кўриб чиқадилар.

Ялпи мажлисда 2017−2021 йилларга мўлжаллаган Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи, бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ҳамда шу мақсадда ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисидаги ахбороти ҳамда адлия вазирининг 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилиши режалаштирилган.

Шунингдек, мамлакатда газ баллонлари билан жиҳозланган автотранспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳолати ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда Интернет тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш маданияти ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам муҳокама қилинади.

Сенаторлар оқова сув тозалаш иншоотларида вужудга келаётган муаммо ва камчиликларнинг атроф муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан ҳукуматга юборилган парламент сўрови натижаларини ҳам кўриб чиқадилар.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясини ташкил этиш тўғрисидаги масала юзасидан Сенат раиси биринчи ўринбосарининг маърузаси ҳам тингланади.