31 январь куни Сурхондарё вилоятининг Денов ва Қизириқ туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига янги ҳокимлар тайинланди.

Абдумалик Алламурадов. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Сурхондарё вилояти Денов тумани халқ депутатлари кенгаши туман ҳокими лавозимига Абдумалик Алламурадовни маъқуллашди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. У мазкур лавозимда 2020 йил ноябрь ойидан бери ишлаб келган ва бошқа ишга ўтганлиги сабабли лавозимидан озод этилган Рустам Пардаевнинг ўрнини эгаллади.

Абдумалик Алламуродов 1977 йил 17 апрелда Термиз вилоятида туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат университетини, 2003 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Ўтган йиллар давомида прокуратура, адлия, ҳуқуқ-тартибот идораларида турли лавозимларда ишлаган. 2019−2020 йилларда Сурхондарё вилояти тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш бўлими мудири лавозимида фаолият юритган. 2020 йилдан сўнгги лавозимга тайинлангунга қадар бош вазирнинг Тадбиркорлар қабулини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти раҳбари бўлган.

Рустам Пардаев. Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Бундан ташқари, Халқ депутатлари Қизириқ тумани Кенгашининг навбатдан ташқари қирқ тўртинчи сессиясида туман ҳокими Юсупов Илҳом Элмуродович вазифасидан озод қилинди.

Денов тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган Пардаев Рустам Убодуллаевич Қизириқ тумани ҳокими этиб тасдиқланди. Бунга қадар 2020 йилдан то бугунга қадар Денов тумани ҳокими сифатида ишлаган.

У 1979 йил 7 апрелда Қизириқ туманида туғилган. 2006 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги иқтисодчи.

Рустам Пардаев меҳнат фаолияти давомида АТ «Микрокредитбанк» Жарқўрғон филиали бошқарувчиси ва вилоят филиали, вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси, инвестициялар бош бошқармаси, инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.


Нуриддин Абдураҳимов. Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари Нуриддин Абдураҳимов Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига ҳоким этиб тайинланди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

У Тошкент вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинлангани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган Шукурулла Маҳмудовнинг ўрнини эгаллади.

Нуриддин Абдураҳимов 1978 йилда Пскент вилоятида туғилган. Маълумоти бўйича молиячи, лавозимга тайинлангунга қадар Президент маъмурияти ходими бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ, Президент Администрацияси шўъба бош мутахассиси Азамат Файзиев Нурота тумани ҳокими лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.