Чирчиқ шаҳри ҳокими Даврон Ҳидоятов бошқа вазифада иш бошлаши кутилмоқда, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, шу муносабат билан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев унинг келгуси фаолиятига омад тилаган. «Даврон Ҳидоятовга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи топширилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Даврон Ҳидоятов 2021 йилнинг январь ойида Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, март ойида эса вилоят ҳокими сифатида иш бошлаганди. Аммо шу йилнинг ноябрь ойида лавозимидан озод этилиб (унинг ўрнига Зойир Мирзаев келган), Чирчиқ шаҳри ҳокимияти раҳбарлигига ўтказилганди.

2023 йил февраль ойида Ҳидоятовнинг соғлиғи ёмонлашгани сабаб унинг вазифасини бажариш вақтинча ҳоким ўринбосари Журъатбек Рахмонов зиммасига юклатилган.

Унинг ҳокимлик даврида Чирчиқда «аҳолининг уй-жойни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкинлигига ишончи йўқолган», чунки, Зойир Мирзаев сўзларига кўра, туманда уй-жой сотишда «шапка» ва «откат» олинган. Вилоят ҳокими июль ойида бўлиб ўтган йиғилишда Даврон Ҳидоятовни танқид қилиб, Чирчиқ шаҳридаги кўчмас мулкларни сотишда коррупцион схема мавжудлигини таъкидлаганди.

«Мени 85−90 фоизи тайёр деб бир уйга олиб кирди жаноб ҳоким, 50 фоиз ҳам тайёр эмас. Бешинчи қаватга чиққанидан кейин, ўзи ҳам биринчи марта чиқди бешинчи қаватга жаноб Ҳидоятов, тили калимага келмай қолди», — деганди Зойир Мирзаев ўшанда.