Собиқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими бўлади. Бу маълумотни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов «Газета.uz»га тасдиқлади.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда Зойир Мирзаевни Тошкент вилоятига ҳоким этиб тайинланиши айтилган. Тошкент вилоятида бўлиб ўтиши режалаштирилган фаоллар йиғилишида янги ҳоким расман эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бугун Зойир Мирзаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўрнига Муротжон Азимов вилоят ҳокими в.б. этиб тайинланди.

Маълумот учун, Зоир Мирзаев 1968 йилда Самарқанд вилояти, Жомбой туманида туғилган. 1994 йилда Тошкент молия институтини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

Ҳоким сифатидаги иш фаолиятини 2003 йил Жомбой туманидан бошлаган. 2008−2010 йилларда Самарқанд шаҳар ҳокими, 2010−2016 йилларда эса Самарқанд вилояти ҳокими бўлган.

2018 йилнинг ноябрь ойида бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Зойир Мирзаев Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ҳокими бўлганди.

У 2019 йилнинг октябрь ойида Қашқадарё вилоят ҳокими лавозимига тайинланганди.