Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоят ҳокими лавозимига Даврон Ҳидоятов номзодини маҳаллий кенгаш депутатлари эътиборига тавсия қилди. Депутатлар унинг номзодини бир овоздан қўллаб-қувватлашди. Бу ҳақда «Газета.uz» муҳбири хабар берди.

Даврон Хидоятов (ўнгда) Чирчиқ шаҳридаги «Ифтихор» маҳалласида президент билан бирга. Шуҳрат Латипов / Газета.uz.

«Хидоятовни ўзим яхши биламан, ёнимда кўп йиллар ишлаган. Вазир бўлиб ишлаётганида, Чилонзорга ҳоким бўлишини айтганман. У ўшанда „Мен вазирман-ку, қандай ҳоким бўламан?“, деган. „Ҳоким бўласан, пастга тушиб, пиёда юрасан, халқ ичида кун кечирасан“, деганман. Кейин у билан кўришганимда, миннатдорлик билдирган. Маълум муддат Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам бўлди», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев, унинг ҳаракатчанлиги, билими, ўз устида ишлашини таъкидлади. Президентнинг фикрига кўра, у ҳозирги замон талабларини тўғри тушунадиган раҳбардлардан.

«Бунақа раҳбарлар ҳар бир вилоятда тўртта-бешта бўлганида эди, шунда вазият яхши бўлиб кетарди. Минг афсуски йўқ», — деб айтди Шавкат Мирзиёев.

Президент депутатлар томонидан таклиф қилинадиган бошқа ҳоким номзодларини кўриб чиқишга тайёрлигини айтди.

Депутатлар Даврон Ҳидоятовнинг Тошкент вилояти ҳокими лавозимига номзодини бир овоздан маъқуллашди. У президентнинг ишончини оқлашга ваъда берди. Шавкат Мирзиёев ҳоким ҳамма учун ўрнак бўлиши ва ўз устида ишлаши кераклигини таъкидлади.

Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 йил) ва Ўзбекистон банк-молия академияси (2001) битирувчиси. 1996−2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида, 2004−2005 йилларда «Осиё-Инвест Банк» (Москва) бошқаруви раиси лавозимида, 2005−2009 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида ишлаган.

2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида хизмат қилган.

2014−2017 йилларда Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни кучайтириш давлат қўмитаси раиси, 2017−2018 йилларда Чилонзор тумани ҳокими, 2018−2021 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Даврон Ҳидоятов 2021 йилнинг январ ойидан бошлаб Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаётган эди.