Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида учта юк машинаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳолат 16 май куни соат 10:30 атрофида М-39 автомобиль йўлининг 978-километрида содир бўлган. Тошкент томон ҳаракатланиб келаётган 29 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Hоwо юк машинасининг тормоз тизими ишламай қолган.

Сўнгра ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган яна бир Howo юк машинасига бориб урилган, у машина эса ағдарилган. У эса шу йўналишнинг чап томонидан ҳаракатланиб кетаётган Sany юк машинасининг олд қисмига бориб урилган ва йўлнинг чап қисмига чиқиб кетган.

ЙТҲ оқибатида тан жароҳати олганлар бўлмаган. Ҳозирда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳодиса сабабларини ўрганмоқда, дейилади хабарда.