Кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли 16−22 май кунлари республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати.
Қайд этилишича, бу кунларда баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда. Республика ҳудуди бўйича ёмғир сувлари тўпланиши эҳтимоли бор, бу эса ҳудудларни сув босишига олиб келиши мумкин.
Жумладан қуйидаги ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
- Қашқадарё вилояти: Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Кўкдала, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида;
- Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музработ туманларида;
- Самарқанд вилояти: Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманларида;
- Навоий вилояти: Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида;
- Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида;
- Тошкент вилояти: Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
- Наманган вилояти: Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида;
- Фарғона вилояти: Фарғона, Бешариқ туманларида ва Сўх, Шоҳимардон ҳудудларида;
- Андижон вилояти: Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Мархамат туманларида ва Хонабод шаҳрида.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўришлари сўралди.