Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида 5 туп чинор дарахтини кесган фуқаролар озодликдан маҳрум қилинди, дея хабар бермоқда ️вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 2023 йил 5 декабрь куни фуқаро Ш. И. ўзининг 4 нафар таниши билан туманнинг Машъал маҳалласидаги «Маъруфхон ҳосил барака» фермер хўжалигига қарашли дала майдонига бориб, моторли арра ва бошқа иш қуроллари ёрдамида 5 туп шарқ чинори дарахтини таг қисмидан кесиб олган. Кўп йиллик дарахтларга етказилган зарар миқдори 247 миллион 180 минг сўм бўлган.

Улар дарахтларни бўлакларга бўлган ва КамАЗ юк машинасига жойлаб, Тошкент шаҳрида халқ тилида «Тахта бозори» дея аталувчи бозорда сотиш учун олиб кетаётганида ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган.

Бошқарманинг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 2 май куни жиноят ишлари бўйича Ўрта Чирчик тумани суди ҳукми билан улар Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилган.

Фуқаро Ш. И.га 2 йил, қолган шерикларининг бир нафарига 2 йил, уч нафарига эса 1 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.