Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи 2025 йил бошидан Аи-80 бензинини ишлаб чиқаришни тўлиқ тўхтата бошлайди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари Одил Темиров 14 май куни Тошкентда ўтказилган Энергетика ҳафталиги доирасида «Газета.uz»га маълум қилди.

Йил бошида Ўзбекистон президенти бош вазир Абдулла Ариповга 2025 йилдан бошлаб Аи-80 бензинидан бутунлай воз кечиш масаласини ҳал этиш бўйича топшириқ берганди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ маълумотларига кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш натижасида 60 фоиз ва 40 фоиз ҳажмдаги юқори октанли Аи-92 ва Аи-95 бензинларини мос равишда ишлаб чиқариш назарда тутилган. Йилига 1 миллион тоннадан ортиқ ҳажмда ишлаб чиқариладиган барча бензин (дастлаб 1,2 миллион тонна режалаштирилган) Евро-5 экологик синфига мос келади, бу эса Евро-2 синфидаги Аи-80 ишлаб чиқаришдан воз кечишга имкон беради, дейилади ҳисоботда.

Одил Темиров Франциянинг Axens компанияси билан параллель равишда лойиҳалаштириш ишларини олиб бориш учун унинг технологияларидан фойдаланиш бўйича лицензия шартномаси устида иш бошланганини маълум қилди.

«Улар асосий лойиҳани сентябргача якунлашлари керак. Бунга параллель равишда биз Хитойнинг CNPC (China National Petroleum Corporation, бош пудратчи сифатида танланган — таҳр.) бўлинмаси билан ишлаяпмиз, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Аи-80 бензинидан босқичма-босқич воз кечиш ишларини олиб бормоқдамиз. Ноябрь-декабрь ойларида Аи-80 ўрнига Аи-91, Аи-92 ишлаб чиқаришни бошлаймиз, 2025 йил бошидан тўлақонли воз кечиш бошланади», — деди у.

Одил Темировнинг айтишича, айни пайтда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг 85 фоизи Аи-80, қолган 15 фоизи эса Аи-92 бензинидир. Ноябрь ойидан бошлаб бу нисбат ўзгара бошлайди.

«Ўзбекнефтгаз» раҳбари ўринбосарининг айтишича, президентнинг Хитойга ташрифи якунлари бўйича топшириқлари доирасида CNPC билан ҳамкорликда модернизация ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа Хитой сармояси ҳисобидан ҳам молиялаштирилади, деди у.

2019 йилда заводни уч босқичли модернизация қилиш бошланган. Жанубий Кореянинг SK Engineering компанияси томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа 2025 йил охиригача йилига 2,5 миллион тонна нефть ва газ конденсатини қайта ишлаш ва 1,2 миллион тонна Евро-5 бензини, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизель ёнилғиси ва 30 минг тонна мазут ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа қувватига етишни назарда тутади.