Ўзбекистон ягона ставкадан воз кечиб, прогрессив солиққа тортиш шкаласига қайтиши мумкин. Бу ҳақда 16 май куни «Россия — Ислом олами: KazanForum — 2024» халқаро иқтисодий саммитида Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Тимур Исмоилов маълум қилди, деб ёзмоқда Spot.

Унинг сўзларига кўра, илгари прогрессив солиқ шкаласи амалда бўлган даврда иш ҳақининг катта қисми конвертда тўланган. Ягона ижтимоий тўлов (ЯИТ) ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) ставкаларининг пасайтирилиши ўз вақтида «тадбиркорлик субъектлари учун ишчиларни расман жалб қилишни фойдалироқ бўлишига» интилиш мақсади билан изоҳланган.

Қўмита вакилининг таъкидлашича, аксарият хорижий мамлакатларда солиққа тортишнинг прогрессив шкаласи қўлланади.

«Ўйлайманки, вақт ўтиши билан буларнинг барчаси шаклланиб бўлганда ва тизим тўлиқ мустаҳкамланганда, солиққа тортишнинг прогрессив шкаласига [ўтиш] ҳақида ўйлаш мумкин бўлади», — деган Тимур Исмоилов тингловчилардан бирининг саволига жавобан.

Сессияда Россия, Қирғизистон ва Озарбайжон солиқ органлари вакиллари прогрессив солиқ шкаласига ўтиш фикрини қўллаб-қувватлади. Аргументлардан бири сифатида ижтимоий адолатни таъминлаш келтирилди.

Ўзбекистонда барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 2019 йилдан бошлаб (12 фоиз миқдорида) жорий этилган.