Тошкентда ўқотар қуроллар сақлаб келган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилди ДХХ.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда жиноятчиликка қарши курашиш борасида пойтахт ҳудудида тезкор тадбирлар олиб борилган. Давомида, Бухоро шаҳрида туғилган бир нечта шахсларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Терговга қадар текширув давомида, уларнинг доимий яшаш манзилларида жанговар қурол ва ўқ-дорилар борлиги аниқланди.

Жумладан, 1973 йилда туғилган шахснинг Бухоро шаҳридаги яшаш хонадони кўздан кечирилганда, уйнинг том қисмига яшириб қўйилган 3 дона Макаров пистолети ва 21 дона патрони, 1 дона ТТ пистолети ва 5 дона патрони ҳамда 1 дона товушни пасайтирувчи қурилма (глушител) процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, мазкур шахс жиноий шериклари билан биргаликда, ушбу қуролларни ва ўқ-дориларни муқаддам Россиядан контрабанда йўли билан олиб келишган.

Судга оид баллистик экспертиза хулосасига кўра, қуроллар ва ўқ-дорилар жанговар ҳолатда бўлиб, фойдаланишга яроқли ҳисобланади.

Бундан ташқари, улардан бирининг хонадонидан қирқма ҳолатига келтирилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 2 дона ов милтиғи ҳамда 6 дона ўқ-дори тегишли тартибда олинди.

Ҳозирда Жиноят кодексининг 246 (Контрабанда) ва 248-моддалари (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.