Президентнинг 30 январдаги фармони билан Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов лавозимидан озод этилди.

У 2019 йил июнь ойидан бери вилоят ҳокими эди. Ундан олдин Рустам Холматов Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.

Президент фармони билан, шу вақтга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Фото: Даврон Хидоятов. «Газета.uz»

Даврон Ҳидоятов (1976 йилда туғилган) — Тошкент давлат иқтисодиёт университети (1998 йил) ва Ўзбекистон банк-молия академияси (2001) битирувчиси. 1996−2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки тизимида, 2004−2005 йилларда «Осиё-Инвест Банк» (Москва) бошқаруви раиси лавозимида ишлаган.

2009 йилдан 2012 йилгача GM Uzbekistan компаниясининг молия бўйича ижрочи директори, 2012 йилдан 2014 йилгача MAN Auto-Uzbekistan ҚК бош директори лавозимларида хизмат қилган.

Олдинроқ Шавкат Мирзиёев яқин орада бир ҳоким ва бир вазир лавозимини тарк этишини айтгани ҳақида хабар берган эдик. 29 январь куни спорт вазири Дилмурод Набиев бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилганди.

«Бир ҳафта ичида мен кадр масаласи бўйича бир қарорни эълон қиламан. Садоқатли одам, лекин ишни бажара олмаяпти. Аравани тортмаяпти», — деган эди президент ишдан кетадиган ҳоким ҳақида гапириб.

Шавкат Мирзиёев пойтахтда ўтирган ва вилоятларда етарлича ишламаётган вазирларни танқид қилиб, уларнинг бири ҳоким билан бирга лавозимини тарк этишини қўшимча қилди.

«Иккитаси (ҳоким ва вазир — таҳр.) кетади, ноинсофлар… Бош вазирга айтганман, ўнта вазирни ишдан олишимиз керак, деб. Иккитаси ишдан олинди, лекин бу ҳали етарли эмас», — деганди у.