Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари норасмий учрашув ўтказди

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Чимкентдаги норасмий учрашувда икки давлат ўртасида саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича кўрсатмалар бердилар.

Ўзбекистондан Қозоғистоннинг яна 5 та шаҳрига авиақатнов йўлга қўйилади

Ўзбекистондан Қозоғистоннинг яна 5 та шаҳрига, Қозоғистондан эса Ўзбекистоннинг 6 та шаҳрига авиақатновлар йўлга қўйилади. Бу борада Тошкентда икки мамлакат авиация маъмуриятлари ўртасида ўтказилган музокараларда келишувга эришилди.

«Энди амалдорлар ногиронларни навбатсиз қабул қилади» — адлия вазири ўринбосари

Президентнинг 27 февраль кунги қарорига асосан, эндиликда ногиронлар амалдорлар қабулига навбатсиз киради. Адлия вазирлиги расмийсининг айтишича, ногиронлар уларни қабул қилмаган мансабдор шахслар устидан Вазирлар Маҳкамаси, судлар, прокуратура ва Адлия органларига мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистонда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Сенат энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш учун жавобгарликни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Қонун билан улардан тижорат мақсадларида қонунга зид равишда фойдаланиш ўғрилик деб баҳоланмоқда. Бунинг учун маъмурий жавобгарликни кўриб чиқиш ваколати Ўзэнергоинспекциядан судларга берилади.

Yutong Тошкентга янги автобуслар ва электробуслар етказиб беришни бошлади

Хитойнинг Yutong Bus компанияси Тошкентга 800 та автобус, шу жумладан 300 та электробус етказиб бериш бошланганини маълум қилди. Етказиб бериш босқичма-босқич амалга оширилади.

«Яндекс.Такси»нинг рўйхатдан ўтмагани монополияга қарши тартибга солишда қийинчиликлар туғдирмоқда — қўмита

Yandex Go такси хизматининг Ўзбекистондаги фаолияти туфайли монополияга қарши орган ва Солиқ қўмитаси танқидга учради. Рақобатни ривожлантириш қўмитаси «Яндекс.Такси» ва бошқа хорижий хизматларнинг рўйхатдан ўтмагани монополияга қарши тартибга солишда қийинчиликлар туғдираётганини тан олди.

Тошкентда яна автобус ҳайдовчилари йўловчи талашиб муштлашди

Миробод туманида 93-сонли ва 617-сонли автобус ҳайдовчилари ҳам йўловчи талашиб жанжаллашди. Аввалроқ муштлашган икки ҳайдовчи 7 суткага қамалганди.

«Халқ банки»нинг Сирдарёдаги филиалида 3,8 млрд сўм талон-торож қилингани айтилмоқда

«Халқ банки»нинг Ховос филиалида 3,8 млрд сўм талон-торож қилингани айтилмоқда. ДХХ ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, банкнинг бир нафар масъули қамоққа олинганини маълум қилди.

Февралда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари январга нисбатан 4 марта кўпайди

Февраль ойида 23,2 млрд сўмлик ёки 258 мингта хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг миқдордаги электрдан ноқонуний фойдаланилди. Январда кўрсаткич 5,6 млрд сўм ёки 33 мингдан ортиқ хонадон истеъмолини ташкил этганди.

Ўзбекистоннинг 9 та вилоятида сел келиши мумкин, жойларда шамол кучаяди

Ўзгидромет 5−10 март кунлари 9 та вилоятда ҳамда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирди. Шунингдек, айрим ҳудудларда шамол тезлиги 25 метр секундгача кучайиши мумкин.

6 та вилоятда қор кўчиш хавфи эълон қилинди

4−10 март кунлари 6 та вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳароратининг сезиларли ўзгаришлари сабабли қор кўчиш хавфи эълон қилинди.

Самарқандда фуқаро эр-хотинни 40 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга юбормоқчи бўлгани айтилмоқда

У 12 минг долларни олаётган пайтда ушланди, дейилади ДХХ хабарида.

Тошкентда 4 млрд сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Миробод туманида божхоначилар ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 4 млрд сўмдан ортиқ тамаки маҳсулотларини аниқлади. Ҳолат юзасидан тергов бошланган.

Сурхондарёда фуқаро I-II асрларга оид сопол хум топиб олди

Денов туманида фуқаро ариқ қазиш чоғида сопол хум топиб олди. Олимлар унинг I-II асрларга тегишли эканини аниқлади.

Ўзбекистон Россиядан газ импорти учун инфратузилма тайёрламоқда

Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси Россиядан «импорт қилинадиган табиий газ ҳажми ички транспортировка ҳажмларига аралашмаслиги учун» ўз инфратузилмасини тайёрламоқда, деб маълум қилди «Ўзтрансгаз».

Фурқат Сидиқов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тасдиқланди

Сенат Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига илгари ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Фурқат Сидиқов номзодини маъқуллади. 2017 йилдан буён ушбу дипломатик миссияни бошқариб келаётган Жавлон Ваҳобов Сидиқов кетган лавозимни эгаллаши мумкин.

«Спорт сиёсатдан холи». Бокс федерацияси айрим давлатлар Тошкентда ўтадиган ЖЧни бойкот қилганига муносабат билдирди

Тошкентда бўладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига қатор давлатлар бойкот эълон қилгани муносабати билан Бокс федерацияси мамлакат мусобақани ўтказиш ҳуқуқини олганида ҳеч қандай чеклов бўлмаганини маълум қилди. «Ўзбекистон спорт сиёсатдан холи тамойилини қўллаб-қувватлайди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда илк бор IELTS имтиҳонида 9 балли натижа қайд этилди

Бекзод Мираҳмедов Ўзбекистонда илк бор халқаро инглиз тилини баҳолаш тизими (IELTS)дан максимал 9 баллни қўлга киритди. Куннинг иккинчи ярмида яна бир ўзбекистонлик 23 ёшли Муҳаммадали Содиков ҳам худди шундай натижага эришгани маълум қилинди.

Дам олиш кунлари бироз ёмғирли ва илиқ ўтади

4 мартдан Кавказ ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келади. Айрим жойларда ёмғир ёғади, бироқ ҳарорат +19…+21 даражани ташкил этади. Шамол кучайиб, чанг-тўзон кузатилиши мумкин.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Вазирликдан элчиликка, элчиликдан вазирликка ва сиёсий бошпана сўрови. АҚШдаги ўзбек элчилари ҳақида

Сафоев ва Камилов АҚШда элчилик қилишдан аввал ҳам, кейин ҳам ТИВга раҳбар бўлган. Ғуломов эса қарийб бутун Европа учун элчилик қилгач, сўнг худди шу ишни қарийб бутун Америка қитъаси учун бажарган. Ўзбекистоннинг АҚШдаги энг биринчи элчиси у ерда бутунлай қолишга қарор қилган.

Нима кўрамиз? Кинорежиссёр Сарвар Каримов тавсия қилади

Яхши кино — яхши китобдек. Айни дамда, бири иккинчисига халал бермайди. «Газета.uz» вақтни мазмунли ўтказишга кўмаклашмоқ ниятида «Нима кўрамиз?» лойиҳасини бошлади. Кўрилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган фильмлар ҳақида киноижодкорлар, журналистлар, жамоат фаолларининг тавсияларини сизга етказамиз.