Самарқанд шаҳрида эр-хотинни $40 минг эвазига АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс ушланди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Маълум қилинишича, Самарқанд шаҳрида яшовчи 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида яшовчи фуқаро ва унинг турмуш ўртоғини ўзининг танишлари ёрдамида аввал Европага, сўнгра Мексика орқали АҚШга юборишни ваъда қилиб, эвазига 40 минг доллар сўрагани гумон қилинмоқда.

Уни ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда 12 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушлаган, дейилади хабарда.

Суриштирув ҳаракатлари давомида у аввал пул эвазига бир нечта фуқарони Қўшма Штатларга ноқонуний юборгани маълум бўлган. Ҳозирда бу фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилган.