Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Миробод тумани Фарғона йўли кўчасида автобус ҳайдовчиларининг ўзаро жанжаллашгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Ҳолат юзасидан туман ИИО томонидан суриштирув ишлари олиб борилган. Маълум бўлишича, 93-сонли автобус ва 617-сонли автобус ҳайдовчиси ҳаракат вақтида бир-бири билан йўловчи талашиб ўзаро жанжалашган. Жанжал оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.

Уларга нисбатан Миробод тумани ИИО томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) билан чора кўрилган.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган ҳолат базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 28 февраль куни Тошкент шаҳрида 28- ва 155-сонли автобус ҳайдовчилари йўловчи талашиб муштлашганди ва уларга маъмурий баённома расмийлаштирилганди. 2 март куни жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди қарори билан фуқаролар осойишталигини бузиб, майда безорилик содир қилгани учун уларнинг ҳар бирига 7 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.