Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорни имзолади. Унда қайд этилишича, ногиронларнинг давлат идоралари раҳбарлари қабулига навбатсиз кириши бўйича имтиёз берилади.

3 март куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов қарордаги мазкур норма бўйича изоҳ берди.

«Давлат органининг мансабдор шахси ногиронлиги бўлган шахсларни навбатсиз қабул қилади. Лекин бу мурожаатни кўриб чиқишда қандайдир имтиёз берилади, дегани эмас. Мансабдор шахс мурожаатни қонунчиликда белгиланган тартиб бўйича кўриб чиқади», — деди Каримов.

адлия вазирлиги, мансабдор шахс, ногиронлиги бўлган шахслар

Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов / Фото: АОКА.

Унинг сўзларига кўра, ногиронлар уларни қабул қилмаган амалдорлар устидан юқори турувчи органларга арз қилиши мумкин.

«Айрим ҳолатларда [ногиронларни] қабул қилмаслик, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш ҳолатлари учраб туради. Бундай пайтларда [ногиронлиги бўлган шахслар] амалдаги қонунчилик бўйича ижро этувчи ҳокимият органи бўйича юқори турувчи органга, яъни вилоят даражасида ёки Вазирлар Маҳкамасига, судга мурожаат қилиши мумкин. Уларда шундай ҳуқуқлар мавжуд. Бу борада таъсир чоралари қўлланилади, бу ишларни маъмурий судлар кўриб чиқади. Шунингдек, прокуратура органлари ва Адлия вазирлигига ҳам мурожаат қилиш мумкин. Бу давлат ташкилотларига фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли вазифлар юклатилган», — деди вазир ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан мамлакат халқига йўллаган мурожаатида инклюзив жамиятни барпо этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширилишини айтганди. «Ишонтириб айтаманки, сизлар ўзларингизни ёлғиз ҳис этмаслигингиз учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз», — деганди давлат раҳбари.