Тошкентда 4 млрд сўмдан ортиқ тамаки маҳсулотларининг ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланди дея хабар берди Божхона қўмитаси «Газета.uz»га.

Қайд этилишича, Божхона қўмитасининг Тошкент вилояти божхона бошкармаси Контрабандага карши курашиш бўлими ходимлари томонидан Тошкент вилояти давлат хавфсизлик хизмати, ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда Тошкентнинг Миробод туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбирда хонадонлардан бири белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 144 турдаги 228 минг 144 қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланган.

«Ушбу ҳолатда олиб қўйилган тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари ҳамда рақамли маркировка кодлари билан қадоқланмаган. Шунингдек, сигаретларнинг инсон саломатлигига зарари ҳақида огоҳлантиришлар ҳам мавжуд эмас. Айни шу жиҳатнинг ўзи мазкур сигаретларнинг асосий қисми контрафакт маҳсулотлар эканлигини англатади», — дея қайд этилган хабарда.

Ушбу ҳолатда олиб қўйилган сигаретларнинг умумий қиймати 4 млрд сўмдан ортиқни ташкил этган. Ушбу тамаки маҳсулотлари ички бозорга чиқиб кетганида, давлат бюджетига 2 млрд 528 млн сўм миқдорида зарар етказилган бўлар эди, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, 2022 йил ҳамда 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 383 та ҳолатда қиймати салкам 37 млрд сўмлик 2 173 128 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги айланмасига чек қўйилган.

Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.