«Ўзтрансгаз» Россиядан импорт қилинадиган табиий газ учун инфратузилмаларини тайёрламоқда, дея хабар берди компания матбуот хизмати.

Январь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Россиянинг «Газпром» компанияси билан газ саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолаганди. Энергетика вазирлиги шундан сўнг ишчи гуруҳ Россия газини Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи «Марказий Осиё — Марказ» газ қувури орқали транзит қилиш учун зарур бўлган техник чора-тадбирларни келишиб олганини билдирган.

«Ўзтрансгаз» хабарига кўра, Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси ички коммуникация ва магистраль газ қувурларида зарур монтаж ишларини амалга оширмоқда.

«Бундан мақсад Россиядан импорт қилинадиган табиий газ ҳажми ички транспортировка ҳажмларига аралашиб қолмаслигини таъминлашдир. Шу билан ҳар бир йўналишда алоҳида транспортировка йўлга қўйилади», — дейилади хабарда.

Газли магистраль газ қувурлари бошқармаси «Газли» ерости газ омборини реконструкция қилиш лойиҳасининг ҳамкори ҳисобланади.

«„Бухоро-Урал“, „Ўрта Осиё-Марказ“ ва „Газли-Чимкент“ магистраль газ қувурларининг тугунида жойлашган Газли газ кони Ўзбекистоннинг газ транспорт тизими юраги ҳисобланади ва Ўзбекистондан Уралга, Россиянинг Европа қисмига, Қозоғистон жанубига ва Хитойга газ экспортини амалга ошириш имконига эгадир», — дейилади «Газли» ЕОГО объектини кенгайтириш, реконструкция қилиш ва биргаликда фойдаланиш бўйича Gazli Gas Storage Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси сайтида.

Аввалроқ Энергетика вазирлиги Россиядан Ўзбекистонга газ импорти 1 мартдан бошланмаслигини маълум қилганди. Ишчи гуруҳлар имзоланган «йўл харитаси» доирасида ўрганишни давом эттирилаётгани, ҳозирча аниқ келишувга эришилмагани айтилганди.