Давлат хавфсизлик хизмати «Халқ банки»нинг Сирдарё вилояти Ховос филиалида 3,8 миллиард сўм талон-торож қилингани ҳақида хабар бермоқда.

Қайд этилишича, хизматнинг вилоят бўйича бошқармаси ходимлари томонидан акциядорлик тижорат «Халқ банки»нинг Ички аудит ҳамда Ички назорат ва комплаенс департаментлари мутахассислари ҳамкорлигида банкнинг Ховос филиалида ноқонуний ҳолат аниқланган.

«2020−2023 йиллар давомида қалбаки ҳужжатлар расмийлаштириш ва (ёки) бирон-бир ҳужжат расмийлаштирмасдан ҳамда сохта маълумотлардан фойдаланган ҳолда жами 3 млрд 828 млн 400 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган», — дейилади ДХХ маълумотида.

Ҳолат юзасидан ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, банкнинг Ховос филиали бир нафар масъул ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.