2 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда қўшни мамлакат Фуқаро авиацияси қўмитаси раиси Талгат Ластаев раҳбарлигида бўлиб ўтган музокараларда фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, келишилган йўналишларда мунтазам авиақатновлар сонини кўпайтириш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Музокаралар натижасига кўра, томонлар фуқаро авиацияси соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор келишувларга эришди. Хусусан, Остона-Тошкент-Остона ҳамда Олмаота-Тошкент-Олмаота йўналишларида мунтазам авиақатновлар сонини ошириш белгилаб олинди.

Шунингдек, икки мамлакат авиакомпаниялари қуйидаги йўналишларда мунтазам йўловчи қатновлари ташкил этади:

  • Ўзбекистондан Қозоғистон ҳудудида қўшимча 5 та шаҳар — Қарағанда, Уст-Каменогорск, Павлодар, Кокештау, Таразга;
  • Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудудида қўшимча 6 та шаҳар — Қарши, Фарғона, Бухора, Андижон, Навоий, Термизга.