3 март куни Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида «Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Мамлакатда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, Бош прокуратура томонидан 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даври юзасидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 миллиард сўм миқдорда моддий зарар етказилган.

Сув таъминоти тармоқларига 1624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 миллиард 144 миллион сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.

«Электр, газ ва водопроводдан тижорат мақсадларида қонунга хилоф равишда фойдаланиш — ўғирлик, деб белгиланмоқда. Сабаби оддий: мазкур неъматлар халқимизники, яъни кўпчиликнинг ҳаққи. Шундай экан уларни талон-тарож қилиш, ўғирлаш кўпнинг ҳаққига хиёнат қилиш билан баб-баравар. Демак, жавобгарлик ҳам шунга яраша қатъий бўлади», — деди Сенат раиси Танзила Нарбоева.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада Бош прокуратура, Энергетика вазирлигидан ташқари парламент ва жамоатчилик таъсирини ҳам ошириш зарур. Таъкидланишича, мазкур қонун энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Хусусан, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этилган жиноят ҳолатлари эндиликда ўғрилик жинояти деб баҳоланиши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Жиноят кодексига «тижорат мақсади» тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад экани белгиланмоқда.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Сенаторлар соҳада давлат назоратини тўлиқ таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзэнергоинспекция томонидан берилган ёзма кўрсатма ва тақдимномаларни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни кўриб чиқиш ваколати судларга берилишини муҳокама қилди.

Шунингдек, сенаторлар электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш масалаларига оид ваколатлар судлардан Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилаётганлигига алоҳида эътибор қаратди.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.