2023 йилнинг февраль ойи давомида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган назорат тадбирларида 1159 та ҳолатда 51,6 млн кВт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Бунинг оқибатида тизимга 23,2 млрд сўм зарар келтирилган. Ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 258 мингта хонадоннинг бир ойлик электр энергияси истеъмолини ташкил қилади.

Ноқонуний фойдаланишнинг энг кўп ҳолатлари Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Масалан, Самарқанд вилоятидаги «Д.С.А.» МЧЖда 7,6 млрд сўм, Наманган вилоятидаги «И. Ж.» МЧЖда 646 млн сўм, Бухоро вилоятидаги «М.З.С.» фермер хўжалигида 428 млн сўм миқдорида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, қайта ҳисоблаш ишлари амалга оширилди.

«Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди. Назорат тадбирлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Таққослаш учун, январь ойида Ўзбекистонда 33 мингдан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмолига тенг бўлган 5,6 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 511 та ҳолат аниқланганди.

2022 йил декабрь ойида эса рақамлар 15,7 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилганини кўрсатган. Бу Сирдарё вилояти аҳолисининг бир ҳафталик электр истеъмолини ташкил қилади.