3 март куни Олий Мажлис Сенати Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига Фурқат Сидиқов номзодини маъқуллади, деб хабар берди «Газета.uz»га юқори палата матбуот хизмати.

Фурқат Аҳмедович Сидиқов 2022 йил ноябридан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. 2020 йилнинг май ойидан у ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Фурқат Сидиқов 1971 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1993 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. UzDaewoo Electronics ҚКда бош мутахассис (1993−1995), Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институтида ходим, катта илмий ходим, етакчи илмий ходим (1995−2002, 2007−2011) лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида атташе (2002−2007), ушбу элчихонанинг биринчи котиби (2011−2015), Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси (2015−2020) лавозимларида ишлаган.

2017 йилдан буён Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик миссиясини Жавлон Ваҳобов бошқариб келмоқда. Энди у ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланиши кутилмоқда, бу маълумотни «Газета.uz»га икки мустақил манба тасдиқлади.