Ўзбекистон Сенати 3 март куни шу кунгача ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Фурқат Сидиқовни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатида тасдиқлади. Ушбу лавозимда Жавлон Ваҳобовнинг ўрнини эгаллайдиган Сидиқов Ўзбекистоннинг АҚШдаги 9-элчиси бўлади.

«Газета.uz» шу вақтгача АҚШда элчилик қилган ўзбек дипломатлари ҳақида қисқача маълумот беради.

Муҳаммад Бобур Маликов

Муҳаммад Бобур Маликов ва унинг оила аъзолари АҚШ президенти Билл Клинтон билан учрашувда. Фото: «Дунё ўзбеклари»Муҳаммад Бобур Маликов ва унинг оила аъзолари АҚШ президенти Билл Клинтон билан учрашувда. Фото: «Дунё ўзбеклари»

1993 йил баҳорида шу вақтгача Ўзбекистон адлия вазири лавозимида ишлаб келган Муҳаммад Бобур Маликов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган ва республиканинг океанортидаги илк элчиси сифатида тарихга кирган. Унинг элчилик фаолияти 1993 йил ноябрига қадар давом этган.

Ташқи ишлар вазирлигининг 1993 йил 20 ноябрь куни матбуотда эълон қилинган хабарига кўра, Маликов «қобилият ва имконияти Ўзбекистон-Америка муносабатлари ривожи тақозоси даражасидаги вазифа ва талабларга жавоб бера олмагани учун» АҚШдаги элчиликдан озод этилиб, Ўзбекистонга чақиртириб олинган. Унга 1993 йилнинг 8 ноябрь куни Давлат назорати комитетидан масъул вазифа таклиф қилинган.

«Аммо, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотига кўра, у орадан бироз вақт ўтгач, Вашингтонда пайдо бўлиб қолган… АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотига кўра, М.Маликов шу йил 15 ноябрь куни АҚШнинг муҳожирлар масаласи билан шуғулланувчи идораларига бошпана сўраб мурожаат қилган», — дейилади ТИВнинг хабарида.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги биринчи элчиси шундан бери ушбу мамлакатда мунтазам яшаб келади.

Фотиҳ Тешабоев

Фотиҳ Тешабоев. Фото: WikimediaФотиҳ Тешабоев. Фото: Wikimedia

Муҳаммад Бобур Маликов чақириб олингач, 1994 йил бошида Фотиҳ Тешабоев Ўзбекистоннинг АҚШдаги янги элчиси этиб тайинланган. Бунгача Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Тешабоевнинг АҚШдаги элчилик фаолияти 1997 йил майига қадар давом этган. Бу вақт давомида у Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили ҳам бўлган.

Вашингтондаги фаолиятдан сўнг, у 1997−2000 йилларда Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси сифатида ҳам ишлаган. Фотиҳ Тешабоев 2005 йил 11 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

Содиқ Сафоев

Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Содиқ Сафоев 1996 йилнинг кузида республиканинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган, 9 октябрь куни эса президент Билл Клинтонга ишонч ёрлиқларини топширган. Унинг АҚШдаги элчилиги 2001 йилга баҳоригача — АҚШда президентлик ҳокимияти Билл Клинтондан Жорж Бушга ўтгунига қадар давом этган (у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси ҳам бўлган).

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинлангунига қадар Содиқ Сафоев 1993 йилда ташқи ишлар вазири, 1993−1996 йилларда эса Ўзбекистоннинг Германиядаги, бир вақтнинг ўзида Нидерландия ва Австриядаги элчиси лавозимларида ишлаган. АҚШдан қайтгач, маълум муддат ўтиб, 2003−2005 йилларда яна ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган. У 2016 йил декабридан буён Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари ҳисобланади.

Шавкат Ҳамроқулов

Президент Ислом Каримов 2001 йилнинг 14 май куни Шавкат Ҳамроқуловни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолаган (фармон 16 май куни матбуотда эълон қилинган).

Унинг АҚШдаги элчилик фаолияти 2003 йил 6 октябрга қадар — унинг ўрнига Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Абдулазиз Камилов тайинлангунига қадар давом этган эди. Бу йилларни Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари тарихидаги энг фаол давр сифатида қайд этиш мумкин.

Маълумот учун, Шавкат Ҳамроқулов Ўзбекистоннинг Бельгиядаги дипломатик ваколатхонасида ҳам ишлаган.

Абдулазиз Камилов

Президент Ислом Каримов 2003 йилнинг 6 октябрь куни ўзининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Камиловни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолайди (фармон матни 7 октябрь куни матбуотда эълон қилинган). У 2003 йил 4 декабрь куни АҚШ президенти Жорж Бушга ишонч ёрлиқларини топширган.

Абдулазиз Камиловнинг АҚШдаги элчилиги 2010 йилга қадар давом этган бўлиб, бу вақт давомида у Ўзбекистоннинг Канададаги (2004 йилдан) ва Бразилиядаги (2008 йилдан) элчиси вазифаларини ҳам бажарган. Элчи лавозимига тайинлангунига қадар Камилов 1994—2003 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири эди — у ТИВнинг АҚШдаги элчи лавозимига тайинланган иккинчи раҳбари ҳисобланади.

Элчиликдан сўнг у яна ТИВга қайтган ва 2010−2012 йилларда ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари лавозимида, 2012 йил январидан то 2022 йил апрелига қадар ташқи ишлар вазири сифатида фаолият олиб борган. Абдулазиз Камилов вазирликни бошқариш, сўнг АҚШда элчилик қилиш ва кейин яна вазирлик раҳбарига айланиш борасида ҳам иккинчи ҳисобланади. Бунгача Содиқ Сафоев ҳам худди шундай фаолият йўлини босиб ўтган.

Абдулазиз Камилов 2022 йил апрелдан бери Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари, 2022 йил июнидан буён эса, шунингдек, Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимида ишламоқда.

Илҳом Неъматов

Илҳом Неъматов АҚШ президенти Барак Обама билан бирга. Фото: Оқ уй матбуот хизматиИлҳом Неъматов АҚШ президенти Барак Обама билан бирга. Фото: Оқ уй матбуот хизмати

2010 йил февралида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган Илҳом Неъматов шу йилнинг 29 март куни президент Барак Обамага ишонч ёрлиқларини топширган. Вашингтондаги элчихонага 2013 йилгача раҳбарлик қилиш давомида у, бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Канада ва Бразилиядаги элчиси вазифаларини ҳам бажарган.

Неъматов мазкур тайинловга қадар Ўзбекистоннинг Ҳиндистон (1995−1997) ва Россия (2008−2010) давлатларидаги элчиси лавозимларида ҳам ишлаган, бир неча бор ташқи ишлар вазири ўринбосари бўлган. 2013−2014 ва 2016−2018 йилларда Ўзбекистон ТИВнинг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси лавозимида фаолият кўрсатган.

Бахтиёр Ғуломов

2013 йилнинг 18 июль куни Бахтиёр Ғуломов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси сифатида ушбу мамлакат президенти Барак Обамага ишонч ёрлиқларини топширган. Унинг Вашингтондаги элчилик фаолияти 2017 йил апрелига қадар давом этган; у бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Канада ва Бразилиядаги элчиси ҳам ҳисобланган.

АҚШдаги элчихона раҳбари этиб тайинлангунига қадар Ғуломов Ўзбекистоннинг Бельгия (2010−2013 йилларда), Германия (2005−2009), Швейцария (2007−2009, қароргоҳи Берлинда), Швеция (2008−2009, қароргоҳи Берлинда) ва Чехия (2008−2009, қароргоҳи Берлинда) давлатларидаги элчиси бўлган, 2010−2013 йилларда у Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва НАТОдаги миссияларига раҳбарлик қилган.

Жавлон Ваҳобов

Жавлон Ваҳобов АҚШ президенти Дональд Трамп билан бирга. Фото: «Жаҳон» ахборот агентлигиЖавлон Ваҳобов АҚШ президенти Дональд Трамп билан бирга. Фото: «Жаҳон» ахборот агентлиги

Жавлон Ваҳобов 2017 йил октябрида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинланган, 1 декабрь куни АҚШ президенти Дональд Трампга ишонч ёрлиқларини топширган. У 2018 йил ноябридан Ўзбекистоннинг Канададаги, 2021 йил июлдан эса Бразилиядаги элчиси вазифасини ҳам бажарган.

Унинг элчилиги даврида Ўзбекистон давлат раҳбари икки марта АҚШга ташриф буюрди — президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда 2017 йили БМТ Бош ассамблеяси мажлисида қатнашган бўлса, 2018 йили АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашган эди.

Жавлон Ваҳобов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси этиб тайинлангунига қадар 2013−2015 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари, 2015−2017 йилларда эса ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. Унинг яна ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланиши кутилмоқда.

Фурқат Сидиқов

Фурқат Сидиқов. Фото: ТИВ матбуот хизматиФурқат Сидиқов. Фото: ТИВ матбуот хизмати

Олий Мажлис Сенати 2023 йил 3 март куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига Фурқат Сидиқов номзодини маъқуллади. Сидиқов мазкур тайинловга қадар 2022 йил ноябридан буён ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди (бунгача, 2020 йил майидан ташқи ишлар вазири ўринбосари эди).

Вашингтонда хизмат олиб бориш 52 ёшли Сидиқов учун янгилик эмас — у 2002−2007 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида аттеше, 2011−2015 йилларда эса биринчи котиб лавозимларида ишлаган. Бўлажак элчилик Сидиқов учун иккинчисидир — у 2015−2020 йилларда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси эди.