Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси Россиянинг Yandex Go такси ва етказиб бериш хизматининг Ўзбекистондаги фаолияти туфайли танқидларга учради.

Блогер Шаҳноза Соатова Yandex Go ҳайдовчиси тўлов карта орқали амалга оширилгани сабабли уни манзилига олиб боришдан бош тортганини айтиб, шикоят қилганди. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу ҳолатга эътибор қаратди.

«Газета.uz» аввалроқ худди шу муаммо бўйича алоҳида мақола тайёрлаб, тўлов банк картаси орқали амалга оширилса, ҳайдовчилар буюртмани қабул қилишдан бош тортаётгани сабабларини таҳлил қилганди.

Бакировнинг фикрича, бундай ҳолатларга биринчи бўлиб монополияга қарши орган эътибор қаратиши керак. У Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида такси хизмати бўйича бош агрегатор бўлган Yandex Go на юридик шахс сифатида ва на доимий муассаса ёки ваколатхона сифатида рўйхатдан ўтгани ҳақидаги тасдиқни топа олмаганини таъкидлади. Шунингдек, компаниянинг Ўзбекистонда доимий муассасаси ёки ваколатхонаси йўқ, «Яндекс»нинг эса Қозоғистонда расмий офиси мавжуд.

Иқтисодчи «Яндекс.Такси» Ўзбекистонда қайси ҳуқуқий асосларга кўра фаолият юритаётгани билан қизиқди ва Солиқ қўмитасидан компания солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтганми, солиқ тўлайдими ва қай даражада тўлайди, деган саволларга жавоб беришни сўради.

Шунингдек, Отабек Бакиров «Яндекс.Такси» нега товар ёки молия бозорида устун мавқега эга субъектлар реестрига киритилмаганини тушунтиришни сўради.

Бундан ташқари, у қўшни Қозоғистонда Рақобатни ҳимоя қилиш ва ривожлантириш агентлиги томонидан «Яндекс.Такси» компаниясига қарши монополияга қарши текширув бошланганини таъкидлади.

Қўмита жавоби

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси такси агрегаторлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар бозорида тўлақонли таҳлил ўтказиш 2022 йил октябрь ойидан бошлагани, мутасадди вазирликлар ва ташкилотларга сўров хатлари юборилганини маълум қилди.

Ноябрь ойида орган «Яндекс» компанияси вакиллари билан учрашиб, компания хизматларига нархларни белгилаш методологияси, илова фойдаланувчиларининг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш, ҳайдовчилар билан муносабатлар бўйича тушунтиришлар берган.

Қўмита компания вакилларига рақобат қонунчилиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида хизматлар сифатини ошириш бўйича тавсиялар берган. Аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида давлат агентлиги сайтида сўровнома жойлаштирилди.

«„Яндекс“ компанияси мамлакатимизда юридик шахсни ташкил этмагани масаласи қўмитанинг ваколатига кирмайди. Аммо ушбу масалада Ўзбекистоннинг ваколатли органларининг келишилган изчил ҳаракатларига эҳтиёж мавжуд. Шу билан бирга, бугунги кунда деярли барча глобал рақамли платформалар мамлакатимизда алоҳида юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаганига қарамасдан, маҳаллий истеъмолчиларга ўз хизматларини кўрсатиб келмоқда», — дейилади хабарда.

«Бу ҳолат уларнинг фаолиятини монополияга қарши тартибга солишда, жумладан, таҳлил нуқтаи назаридан ҳам муайян қийинчиликлар туғдирмоқда», — дея тан олди қўмита.

Товар ва молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёки шахслар гуруҳининг устун мавқеини эътироф этиш ҳамда Товар ёки молия бозорида устун мавқеини эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, тегишли бозорни ўрганишда монополияга қарши орган давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан тегишли равишда кўрсатилган хизматлар ҳажми, хўжалик юритувчи субъектнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси ва бошқа зарурий маълумотларни сўраб олиши белгиланган.

«Рақамли платформаларнинг ушбу жиҳати, уларнинг фаолиятини тартибга солиш масалалари ўзига хослигини инобатга олиб, ишлаб чиқилган „Рақобат тўғрисидаги“ янги қонун лойиҳасида рақамли платформаларга доир махсус нормалар акс эттирилган ва бугунги кунда ушбу лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланиб, Сенатга тақдим этилган. (2 март куни Сенат қонунни маъқуллади — таҳр.)», — дейилади хабарда.

Шунга қарамасдан, 2023 йил февраль ойида Yandex Go хизмати таъсисчилари Yandex N.V. (Нидерландия), Yandex Europe AG (Швейцария) ва Ridetech International B.V. (Нидерландия) компанияларига дастур фойдаланувчилари (ҳайдовчилар ва мижозлар) сонини, транзакцияларнинг умумий сони ва йўловчи ташиш ҳажмини, хизматларнинг умумий айланмасини (GMV) ва Yandex Go хизмати томонидан олинган комиссиялар миқдори ва тақсимоти тўғрисидаги маълумотларни сўраб, сўровлар жўнатилган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси таҳлил натижалари оммавий ахборот воситалари орқали қўшимча равишда эълон қилинишини билдирди.

«Яндекс.Такси» Ўзбекистонда солиқ тўлайдими?

2020 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда «Google солиғи» номли солиқ тўлови кучга кирди. Орадан бир ой ўтгач, Давлат солиқ қўмитасида хорижий интернет компаниялари ушбу солиқ тўловчилари сифатида рўйхатдан ўтишлари учун махсус ҚҚС офиси очилди.

Бугунги кунга қадар 41 та компания, жумладан, Yandex Europe AG рўйхатдан ўтган, аммо у электрон хизматлар кўрсатади, «Яндекс.Такси», «Яндекс.Маркет», «Яндекс.Харита» ва бошқалар эса бош компания (холдинг) — Yandex N.V`га тегишли.

2022 йилнинг 11 ойи давомида Yandex Europe AG 445,5 миллион сўм солиқ тўлаган.

Yandex Go маъмуриятининг «Газета.uz»га маълум қилишича, агрегатор буюртмадан ушлаб қоладиган ягона сумма бу хизмат кўрсатиш комиссияси ҳисобланади. Тариф ва шаҳарга қараб у 5% дан 13% гача ҳисобланади.

Yandex Go`нинг Ўзбекистондаги ҳамкорлари (улар солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтган) ўртача ҳисобланган йўл ҳақининг 3,5−4 фоизини олади, дея аввалроқ хабар берган ҳайдовчилар. Улар ушбу даромаддан солиқ тўлашлари керак.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзини Yandex Go пиар лойиҳалари масъули деб таништирган вакилнинг юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш бўйича жавобини эълон қилди.

«Сиз ўз постингизда юридик шахс ва солиқлар ҳақида билмоқчи эдингиз: Yandex Go — онлайн ахборот хизмати. Биз хизматларни масофадан туриб тақдим этамиз, бу эса ҳамкорларга платформага кириш имконини беради. Ўзбекистон ҳудудида ушбу хизматлар Нидерландияда рўйхатдан ўтган Ridetech International B.V. (Солиқ қўмитасининг ҚҚС офисида мавжуд эмас — таҳр.) юридик шахси томонидан тақдим этилади. Бу мамлакат қонунчилигига зид эмас», — дейилади хабарда.

«Ўзбекистон Республикаси ва Нидерландия Қироллиги ўртасида икки томонлама солиққа тортишга йўл қўймаслик тўғрисидаги конвенция тузилганидан буён Yandex Go солиқларни компания рўйхатдан ўтган жойида тўлайди. Маҳаллий ҳамкорларимиз, ўз навбатида, Ўзбекистон солиқ қонунчилигига мувофиқ транспорт хизматлари учун солиқ тўлаш учун тўлиқ жавобгардирлар. Бошқа халқаро онлайн хизматлар ҳам худди шундай ишлайди: Google, Instagram, AliExpress», — деди компания вакили.

Компания вакиллари «Газете.uz»га берган изоҳида «Yandex Go Ўзбекистонда мамлакат қонунчилигига мувофиқ иш олиб боради», дея қўшимча қилди.

«Платформа республикадан ташқаридаги ҳамкорларга масофавий хизматларни тақдим этади. Бундай хизматларни кўрсатадиган хизмат рўйхатдан ўтган жойда амалдаги қонунчиликка мувофиқ солиқ тўлайди. Шу билан бирга, бизнинг ҳамкорларимиз — Yandex Go платформаси орқали пул ишлаётган такси компаниялари ва уларнинг ҳайдовчилари Ўзбекистонда кўрсатаётган транспорт хизматларига нисбатан солиқ ва йиғимларни тўлаш учун жавобгардирлар», — дейилади хабарда.

2019 йилнинг апрель ойида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев ўша пайтда 10 минг ҳайдовчи хизмат кўрсатган «Яндекс.Такси» компанияси Ўзбекистонда солиқ тўламаслигини таъкидлаганди.

Солиқ қўмитаси вазиятга изоҳ берганича йўқ.