Ўзбекистон бокс федерацияси айрим мамлакатларнинг май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган эркаклар ўртасидаги бокс бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилиш ҳақидаги баёнотларига ўз позициясини билдирди.

«Ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан ташкил этилади. Ўзбекистон томони мусобақада иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган мамлакатларнинг қатнашиш ёки қатнашмаслигини белгилаш ваколатига эга эмас. Ўзбекистон мусобақани ўтказувчи давлат ҳисобланади ва ташкилий масалалар билан шуғулланади. Чемпионат қатнашчилари, терма жамоалар, спортчи ва мураббийлар, ҳакамларни рўйхатдан ўтказиш IBA томонидан амалга оширилади», — дейилади федерация хабарида.

Шунингдек, ҳисоботда Ўзбекистон мусобақани қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритган вақтда терма жамоалар ёки спортчиларнинг халқаро турнирлардаги иштироки бўйича бугунги чекловлар йўқ бўлгани айтилди.

«Ўзбекистон халқаро спорт нормаларига риоя қилувчи давлат бўлиб, спорт сиёсатдан холи тамойилини қўллаб-қувватлайди», — дея таъкидлайди федерация.

Аввалроқ айрим давлатлар Ўзбекистон ва Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига россиялик спортчилар қатнашиши ва давлат байроғи остида иштирок этиши мумкинлиги сабабли бойкот қилиш истагини билдирганди.

Шунингдек, Қозоғистон терма жамоаси чемпионатда иштирок этишдан бош тортмаслиги ҳақида хабар берилганди.