Дам олиш кунлари қулай об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Дам олиш кунлари республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди, бироқ айрим тоғли ҳудудларда ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундузи +27…+32 даража атрофида бўлади.

Шавкат Мирзиёев — ШҲТ саммити иштирокчиларига: «Биргаликда ташкилотни янги марраларга олиб чиқишга қодирмиз»

Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари тор доирада муҳокамалар ўтказди. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида имзолаш учун 40 дан ортиқ ҳужжат тайёрланганини қайд этди. «Биз биргаликда минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш йўлида ташкилотни янги марраларга олиб чиқишга қодирмиз», — деди у.

Термизда Афғонистон учун гуманитар фонд ташкил этиш таклиф қилинди

Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши борасида гапирди. Хусусан, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни Термизда — у ердаги транспорт-логистика хабидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қилди.

Ўзбекистон хавфсизлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини илгари сурди

Ўзбекистон президенти ШҲТ саммитида сўзлаган нутқида Самарқанд бирдамлик ташаббусини эълон қилди. «Ундан мақсад — умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамай келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр бўлган барчани глобал мулоқотга жалб қилишдир» — деди Шавкат Мирзиёев.

Эмомали Раҳмон ва Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги вазият юзасидан юзма-юз музокара ўтказди

Икки давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олди.

Ўзбекистоннинг ШҲТ саммитидаги таклифлари: иқтисодий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш

Ўзбекистон президенти ШҲТ саммитида янги иқтисодий мулоқотини бошлашни, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш, шунингдек биринчи транспорт форумини ўтказишни таклиф қилди.

16 сентябрь учун тижорат банклари таклиф қилаётган доллар курслари

Марказий банк 16 сентябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 24,94 сўмга юқорилаб 10 950,08 сўм этиб белгилади. Шундан сўнг тижорат банклари долларнинг сотиш ва сотиб олиш бўйича янги қийматини эълон қилди.

«Локомотив» футболчиси Кахи Махарадзе келишилган ўйинларда қатнашгани учун 5 йилга футболдан четлатилди

«Локомотив» ПФК футболчиси Кахи Махарадзе ва эркин агент Евгений Кочнев 2 грузиялик билан келишиб, тотализатор ҳамда келишилган ўйинларда иштирок этгани учун ЎФА икки футболчини ўйинлардан 5 ва 3 йилга четлаштирди. Улар жарима ҳам тўлайди.

Фарғонада 30 нафарга яқин боғча тарбияланувчилари касалхонага ётқизилди

Тармоқларда Олтиариқ туманида 41 нафар боғча боласи заҳарлангани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят прокуратураси 8 нафар болада алиментар диарея аниқланиб, касалхонага ётқизилганини маълум қилди. Бошқа болаларда касаллик аломатлари аниқланмаган, бироқ 20 нафари шифохонада кузатув остида қолмоқда.

Самолётдаги носозлик сабаб Франкфуртда қолган йўловчиларни олиб келиш учун қўшимча қатнов қўйилди

Ҳаво кемасидаги носозлик туфайли Франкфурт — Тошкент рейси бекор қилиниб, йўловчилар Франкфуртдаги меҳмонхонага жойлаштирилганди. Уларни қайтариб олиб келиш учун 16 сентябрь куни қўшимча қатнов жорий этилди.

Ахборот технологиялари соҳасидаги инвесторлар ва мутахассисларга тавсия бериш тартиби белгиланди

Адлия вазирлигида ахборот технологиялари соҳасидаги хорижий инвесторлар ва мутахассисларга, шунингдек Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резидентларининг таъсисчиларига тавсия бериш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди.

Омбудсман Андижонда беш йигит тергов вақтида қийноққа солингани айтилган ҳолатни ўз назоратига олди

Андижонда 5 нафар йигит иши апелляция судида кўрилаётгани ва тергов жараёнларида улар қийноққа солинаётгани айтилмоқда. Айбланувчиларнинг яқинлари уларни 8−10 йиллаб озодликдан маҳрум қилишмоқчилиги, тергов вақтида эса калтаклаганини қайд этишди. Омбудсман вазиятни ўз назоратига олди.

«ЎзГАШКЛИТИ» институти хусусийлаштирилди

Қурилиш, геоинформатика ва шаҳарсозлик кадастри давлат лойиҳа-қидирув илмий-тадқиқот институти (ЎзГАШКЛИТИ) устав капиталидаги 100% давлат улуши сотилди. Савдо ғолиби SG ENGINEERING AND DEVELOPMENT МЧЖ бўлди.

Фото: ШҲТ саммитида қатнашувчи давлатлар етакчилари «Боқий шаҳар»да сайр қилишди

Самарқандга келган давлат раҳбарлари ШҲТ доирасида «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида дарахтлар экди. Кейин «Боқий шаҳар» мажмуасида Ўзбекистон президенти номидан қабул маросими ўтказилди. Кун якунида мушакбозлик уюштирилди (фото).

Қишлоқлардаги 600 нафар аёл тадбиркорликка ўқитилади

USAID Ўзбекистонда қишлоқ ҳудудларидаги аёллар учун тадбиркорлик ўқув дастурини бошлади. Ушбу ташаббус доирасида 600 нафар аёл тадбиркорликка ўқитилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Янги мактаб дарсликлари эскиларидан нимаси билан фарқ қилади? Фарқлар жуда кўп

Янги мактаб дарсликлари муаллифларига қаратилган ҳужумлар қанчалик асосли? «Газета.uz» муаллифлардан ўзгаришларни содда тилда тушунтириб беришни сўради. Уларнинг сўзларига кўра, янги дарсликлар мулоқот кўникмаси, танқидий фикрлаш, изланиш ва муаммоларни ҳал этишни ривожлантиришга қаратилган.