Қирғиз-тожик чегарасида вазият яна кескинлашиб, чегара бўйлаб қуролли тўқнашувлар бўлгани, бунда оғир ҳарбий қуроллардан фойдаланилгани айтилганди. Қирғизистон ва Тожикистон президентлари чегарадаги вазият юзасидан юзма-юз музокара ўтказди, дея хабар бермоқда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммити матбуот хизмати.

Икки давлат раҳбарлари тегишли тузилмаларга ўт очишни тўхтатиш, қўшин ва воситаларни тўқнашув чизиғидан олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар беришга келишиб олди. Шунингдек, икки давлат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарлари жойида иш олиб боради, ҳодисанинг ҳолатлари ва сабабларини ўрганиш учун комиссия тузилади.


«Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси ишини жадаллаштириш бўйича ҳам келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 16 сентябрга ўтар кечаси Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида вазият яна кескинлашганди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томони «илгари эришилган барча келишувларни бузган ҳолда» Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лейлек туманларидаги қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига қуролли учлар ҳамда оғир ҳарбий техникалардан фойдаланган ҳолда ҳужум уюштирганини маълум қилганди.

Тожикистон чегара қўшинлари, ўз навбатида, 16 сентябрь куни эрталаб соат 4:00 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Кўктош пости чегарачилари «келишувни бузган ҳолда» Душанбе чегара постига ўқ узгани ҳақида хабар тарқатганди. Тожикистон оғир қуроллардан фойдаланилганини қайд этганди.