АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги 600 нафар аёл учун мўлжалланган табрикорлик бўйича ўқув дастурини эълон қилди.

Ташаббус умумий қиймати 3,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган дастур доирасида амалга оширилаётган бўлиб, у Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларини улар меҳнат бозорида тадбиркор ва малакали ишчи сифатида иштирок этишига кўмаклашиш орқали қўллаб-қувватлашни мақсад қилади. Тренинг 26 сентябрида бошланади.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит иқтисодиётда гендер тенглигининг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда шундай деди: «Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни жадал ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишда қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу мақсадларга эса аёллар корхона раҳбари, малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида иқтисодиётда иштирок этиш имкониятига эга бўлгандагина эришиш мумкин».

USAID Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги аёллар учун мўлжалланган ўқув дастури аёл раҳбар томонидан бошқариладиган ва бутун Ўзбекистон бўйлаб тайёргарлик соҳасидаги ечимларни тақдим этишга ихтисослашган «Forta Business Education» хусусий компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Иштирокчилар бизнес-амалиётлар, стратегик бошқарув ва электрон тижоратни ўрганишади. USAID дастур битирувчиларига ўз бизнесини очиш, малакали иш топиш ва амалиёт ўташда кўмаклашади.

2021 йилнинг апрель ойидан буён USAID кўмагида мингдан зиёд аёл бухгалтерия ҳисоби, молиявий саводхонлик, тадбиркорлик асослари, ижтимоий тармоқ маркетинги (SMM), график дизайн ва шу каби бошқа йўналишларда ўқиди. Натижада юздан зиёд аёл ўз бизнесини очишга ёки малакали иш топишга муваффақ бўлди. Қолган иштирокчилар эса бизнес-режаларини ишлаб чиқиш ва иш қидиришда мураббийлардан кўмак олиб келмоқда.