Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитидаги нутқи давомида бир қатор ташаббусларни илгари сурди.

Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг 2040 йилгача ривожланиш стратегиясини тайёрлаш бошланганини маълум қилди. Ушбу дастурий ҳужжат, унинг сўзларига кўра, кўп томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиши ва узоқ муддатли ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши керак.

«Аввало, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳимдир. Бу масала минтақада барқарорликни таъминлаш ва мамлакатларимиз аҳолиси фаровонлигини оширишнинг асосий шартларидан биридир», — дея таъкидлади президент.

Иқтисодий ҳамкорлик

Иқтисодий барқарорликка эришиш учун минтақавий ҳамкорликнинг ишончли моделларидан фойдаланиш зарур. ШҲТ мамлакатлари ўртасида қисқароқ «таъминот таянчи»га эга ишлаб чиқариш занжирларини яратиш учун амалий ҳаракатларга ўтиш ўта муҳимдир, деди президент.

У ШҲТ давлатлари иқтисодиётларининг бир-бирини ўзаро тўлдириб боришдаги афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантиришни таклиф этди.

«Унинг асосий вазифаси — савдо ва божхона тўсиқларини бартараф этишга, кафолатланган ва барқарор ишлаб чиқариш ва таъминот занжирларини шакллантириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босишга қаратилган қўшма дастурларни рағбатлантиришни кўзда тутади», — қўшимча қилди Мирзиёев.

Мамлакатларнинг ўртасида кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш ва амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришиш мақсадида ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказишни таклиф этди давлат раҳбари.

Шу билан бирга, саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузишни таклиф қилинди.

«Биз келгуси йилда Самарқандда „Ўзбекистон- ШҲТ“ саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга тайёрмиз», — деди давлат раҳбари.

Яна бир чора-тадбир сифатида ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказишни, унинг асосида ягона электрон платформа яратишни таклиф этилди.

«Яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Шуни тан олиш керакки, мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ майдончасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатликни йўлга қўя олмадик. Давлатларимиз салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, биз ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўшишимиз керак», — дея фикр билдирди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлигини ҳам қўшимча қилди.

Бундан ташқари, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, «яшил» ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Президент томонидан келгуси йили озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф этилди.

Транспорт ва логистика

«Бугун биз ШҲТнинг Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини қабул қилмоқдамиз», — деди президент.

Мирзиёев саммит доирасида «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битимнинг имзоланишини тарихий воқеа, дея атади.

Қолаверса, саммит иштирокчиларини стратегик муҳим лойиҳа — «Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар» темир йўли коридори қурилишини ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шунингдек, транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни биз келгуси йили Ўзбекистонда ШҲТ Биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилишни таклиф қилди.

Экология

Президент ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузишни таклиф қилди.

«Бундай формат иқлимга мослашиш лойиҳаларини илгари суриш, чўлланишга ва тупроқ деградациясига қарши курашиш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишдаги ҳамкорлик самарадорлигини оширишга имкон беради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу масала Орол денгизи экологик фожеасининг ҳалокатли оқибатларини бартараф этиш нуқтаи назаридан алоҳида долзарб аҳамиятга эгалиги ҳам қайд этилди.