Тошкент вилояти Тошкент туманида 5 ёшли бола сув крани учун ўрнатилган кичик ўрага тушиб қолди, дея хабар бермоқда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Туманнинг Меҳнат Фозилов маҳалласида жойлашган уйларнинг бирида уй эгасининг 5 ёшли набираси эҳтиётсизлик ва назоратдан четда қолгани сабабли ҳовлисидаги сув крани учун ўрнатилган кичик ўрага тушиб кетган.

Уй эгаларининг ўзлари болани ўрадан чиқариб олишга ҳаракат қилишган, аммо барча ишлар самарасиз бўлган. Боланинг тизза бўғимлари букилган холда сиқилиб қолгани тўғрисида ФВБга хабар келиб тушган.

Шундан сўнг айтилган манзилга етиб борган қутқарувчилар махсус қутқарув асбоб-анжомлари ёрдамида ўрадан болани ҳеч қандай талофатларсиз, соғ-саломат чиқариб, яқинларига топширган.

Боланинг аҳволи яхши бўлганлиги сабабли тиббиёт ходимларига мурожаат қилинмаган, дейилади хабарда.

Аввалроқ Зангиота туманидаги хонадонларнинг бирида 2 ёшли бола 5 метр чуқурликдаги ҳожатхонага тушиб кетганди. Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари уни пастдан соғ ҳолатда олиб чиққан.