2024 йилнинг январь-март ойларида Ўзбекистон товар-хомашё биржасида автомобилларнинг давлат рақамларини сотиш ҳажми 3 баробардан кўпроққа ошиб, 212,2 миллиард сўмни ташкил этди. Бу ҳақда биржа матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу даврда 52,6 минг дона авторақам сотилган бўлиб, у ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 3,2 баробарга ўсган.

Spot`нинг ёзишича, энг қиммат «чиройли» авторақам тошкентлик юридик шахсга 517,14 млн сўмга сотилган. Бошланғич баҳога нисбатан унинг нархи 66,6 фоизга ошган.

Иккинчи ўринни эса юридик шахс томонидан 337 млн 620 минг сўмга сотиб олинган давлат рақами эгаллаган. Энг қиммат бешталикка жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган 334,9 ва 315,8 млн сўмлик авторақамлар ҳам кирган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда товар-хомашё биржасида 87 минг дона автомобиль рақамлари 396,1 млрд сўмга сотилган. Энг қиммат «чиройли» давлат рақами эса юридик шахсга 450 млн сўмга сотилган, ўшанда бу нарх 2021 йилда ўрнатилган рекорддан бироз ошганди.