Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов «Газета.uz»нинг «Мифономика» лойиҳасида манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун ва даромадлар декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳозир қайси босқичда экани бўйича саволга жавоб берди.

««Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан мақулланган. Президент томонидан имзоланиши кутилмоқда. Ҳозир Президент администрациясида муҳокамада», — деди Акмал Бурханов.

Иккинчи ҳужжат эса жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда.

«Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонун» лойиҳасини ишлаб чиққанмиз. Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишганмиз. Адлия вазирлигидан экспертизадан ҳам ўтказилган. Қонунимиз деярли тайёр, жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, биз қонун билан бир қаторда тизимни яратиш устида ҳам ишлаяпмиз", — деди агентлик раҳбари.

Акмал Бурхановнинг таъкидлашича, битта платформада барча маълумотлар акс этадиган декларациялаш тизимини ишга тушириш мақсад қилинган.

«Декларациялаш тизими, ягона базада ишлайдиган бўлиши устида ишлаяпмиз. Россия Федерациясида, масалан, ҳар бир вазирлик, идоранинг ўзида декларация тўлдирилади, ёки Қирғизистонда ҳам. Кўп мамлакатларда шундай. Биз шундай қилмоқчимизки, ягона база орқали, битта платформада ҳаммаси кўринадиган декларациялаш тизимини ишлаб чиқмоқчимиз. Бунинг устида ҳам ишлаяпмиз. Анча ишлар қилинган», — деди у.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари, шунингдек, бу масала долзарблигини йўқотмаганини қўшимча қилди.

«Божхона қўмитаси ва Солиқ қўмитаси тажриба тариқасида ҳамма ходимларининг декларацияларини киритмоқда. Яъни қонун билан бир вақтнинг ўзида мана шу платформани, тизимни ҳам ишга тушириб юбориш устида ишлаяпмиз. Бу саволни менга жуда кўп беришади, нега тўхтаб қолди, аввал айтилгандику дейишади. Умуман олганда, айтмоқчиманки, айтилган, тўхтаб қолгани йўқ, жараён кетяпти, тизим устида ҳам ишлаяпмиз, қонун лойиҳаси ҳам такомиллаштириляпти. Долзарблигини йўқотгани йўқ», — дея фикрини якунлади Акмал Бурханов.

Суҳбатни тўлиқ мана бу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун

2022 йил 10 май куни Адлия вазирлиги «Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилганди. Қонун манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни назарда тутади. Ҳужжатда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотларни декларация қилиш ва олдиндан хабар бериш тартибини йўлга қўйиш, бунга амал қилмаганларни эса жаримага тортиш белгиланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маъмурий баённома тузиш бўйича ваколатли орган бўлиши кўзда тутилганди.

Шу йилнинг 25 октябрида қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган. Антикоррупция агентлиги раҳбари Акмал Бурхоновнинг таъкидлашича, агентлик томонидан ўтказилган ўрганишларда давлат хизматида минглаб манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик ҳолатлари аниқланган, аммо ҳуқуқий асос ёки жавобгарлик белгиланмагани сабабли уларни бартараф этишда қийинчиликлар мавжуд бўлган. Шу тариқа қонун лойиҳаси Сенатга юборилган.

2023 йилнинг 1 июнида сенаторлар «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни кўриб чиққан ва маъқуллаган. Танзила Нарбаева манфаатлар тўқнашуви давлат органларидаги коррупциявий ҳолатларнинг бошланғич нуқтаси эканини қайд этганди.

«Қонун билан коррупцияга қарши кураш йўналишидаги қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўшлиқлар ёпилмоқда, бу йўналишни қонунан тартибга солувчи аниқ механизмлар белгиланмоқда. Манфаатлар тўқнашувининг ҳуқуқий оқибатлари белгиланмоқда, яъни бундай ҳолатда қабул қилинган қарорлар ва тузилган битимлар суд ҳукми орқали бекор қилиниши мустаҳкамланмоқда», — деганди Сенат раиси ўшанда.

2024 йил январь ойида Танзила Нарбаева яна «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунга изоҳ бериб, ҳозирда ҳужжатни Президент администрацияси экспертлари ўрганаётганини айтганди.

Давлат хизматчиларининг даромадлари декларацияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси

Президент қарори билан 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ҳамда мол-мулкини декларациялаш белгиланганди.

Бироқ тегишли қонун шу кунгача қабул қилинмаган. 2021 йил охирида Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов «тизим ҳали ҳам 2022 йилдан ишга туширилиши, давлат хизматчиларига декларациялар тайёрлаш учун апрель ойигача мухлат берилиши режалаштирилаётгани» ҳақида маълум қилганди.

2022 йил апрель ойи бошида «Газета.uz» сўровига биноан агентлик қонун лойиҳаси халқаро экспертлар, жумладан, ИҲТТ, БМТТД, Жаҳон банки ва «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берганди.

Агентлик маълумотларига кўра, қонун лойиҳаси қачон қабул қилинишидан қатъи назар, 2022 йилдан бошлаб давлат хизматчиларининг мулки ва даромадлари ҳисобга олинади.

Бундан ташқари, президент қарори билан 2021 йил 1 декабрга қадар даромадлар ва мулк декларациялари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, уларни қайта ишлаш ва текшириш бўйича электрон ахборот тизимини яратиш, сўнгра ушбу маълумотлар базасини давлат кадастри, солиқ, божхона ва бошқа органларнинг маълумотлар базалари билан интеграциялаш чора-тадбирларини кўриш топширилганди.

Агентлик томонидан техник паспорт ва «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялашнинг электрон ахборот тизими» концепцияси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган техник топшириқлар ишлаб чиқилган. Техник топшириқлар лойиҳаси Киберхавфсизлик маркази билан келишилган ва тизимни яратиш бўйича ижобий эксперт хулосаси берилган.

Шунингдек, «Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази»дан ахборот тизимини яратиш учун зарур маблағлар бўйича эксперт хулосаси олинган.

Эслатиб ўтамиз, даромадлар декларациясини назарда тутувчи давлат хизмати тўғрисидаги қонун 2017 йил сентябрь ойида қабул қилиниши режалаштирилган эди, бироқ бу муддат бир неча бор орқага сурилди. Муддатлари 2020 йил 1 январь ва 2021 йил 1 январь этиб белгиланди. 2021 йил май ойи охирида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларациялаш тизимини жорий қилишни тезлаштириш бўйича топшириқ берганини маълум қилганди.