Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим қилди.

«Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келган, — деди давлат раҳбари. — Асрлар давомида бу ерда турли цивилизациялар вакиллари ўртасида самарали мулоқотнинг ўзига хос маданияти яралган. Самарқанд — биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга татбиқ этилган жонли намунадир».

«Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган бундай мулоқот фавқулодда зарурдир. Шу боис бугун Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этишдан мамнундир», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Бу ташаббуснинг мақсади — бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашувлар ва қарорларни излашга тайёр, „Самарқанд руҳи“ тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир», — дея тушунтирди Ўзбекистон президенти.

«Унинг амалий ижросига доир масалаларни сиёсий етакчилар, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доираларининг нуфузли вакиллари иштирокида келгуси йили Самарқанд халқаро форумида биргаликда кўриб чиқишни таклиф этамиз», — деди у.

Давлат раҳбари сермазмун Ҳаракатлар дастури форум ишининг асоси бўлишини таъкидлади.

«Сизларнинг кенг қўллаб-қувватлашингизга ва ташаббусимизни тарғиб қилишдаги иштирокингизга умид қиламан», — деди Шавкат Мирзиёев ҳамкасбларига.

Самарқанд бирдамлиги қандай ташаббус?

Самарқанд бирдамлиги ташаббусининг асосий мақсади халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, барча манфаатдор давлатларни цивилизациялараро глобал мулоқотга жалб этиш, келишилган ёндашув ва ечимларни излаш, ишончни мустаҳкамлаш, глобал кескинлик, ноаниқлик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатларни бартараф этишдан иборат.

Ўзаро ҳамкорликнинг ушбу формати дунё давлатлари ва халқларининг маданий, цивилизациявий, миллатлараро, динлараро ўзаро муносабатларни ривожлантириш орқали мавжуд қарама-қаршилик ва келишмовчиликларни юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган.

Кутилганидек, янги мулоқот формати барча даражаларда ишончни мустаҳкамлаш, ҳар хил соҳаларда турли ижтимоий гуруҳлар, маданият ва цивилизациялар ўртасида ўзаро тушунишни чуқурлаштириш, тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга хизмат қилади.