Сурхондарё вилояти Музработ туманида светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Сobalt уриб юборган икки боладан бири вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

Ҳолат 17 май куни туманнинг Дарбанд маҳалласи ҳудудида содир бўлган. 24 ёшли ҳайдовчи М.Б. Cobalt автомашинасида тезликни ошириб, светофорнинг таъқиқловчи ишорасида ҳаракатланган.

Шу пайтда йўлнинг ўнг томонидан чап томонига югуриб ўтаётган уч нафар вояга етмаган боладан 2 нафарини уриб юборган. Оқибатда 12 ёшли Р.М. олган тан жароҳати билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Қолган икки нафар вояга етмаган болаларнинг саломатлиги яхши, ҳозирда яшаш хонадонида, дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Музработ тумани ИИБ тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.