19 май куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ангрен туманида юк вагонлари рельсдан чиқиб кетгани айтилган хабарлар тарқалди. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси ҳолат 18 май куни Chirchiq savdo baraka компаниясига тегишли шохобча темирйўлида содир бўлганини маълум қилди.

Қайд этилишича, BN Grain and oil group МЧЖ ходимлари вагонлардан юк тушуриш вақтида темирйўл қурилмаси — «лебедка» (вагонларнинг омборлар ва бинолар яқинидаги юклаш ҳамда тушириш жойларида ҳаракатланиши учун мўлжалланган қурилма) дан фойдаланиш қоидасига риоя қилмаган.

Яъни мазкур юк вагонларини тушириш пайтида ходимлар «лебедка» ёрдамида (керакли техникага риоя қилмасдан) вагонларни тортиб олишга уринган. Оқибатда қурилмадаги трос узилиб, вагонлар ҳаракатлана бошлаган.

Вазият давомида BN Grain and oil group компанияси ходимлари вагонлар ҳаракатини тўхтатишга уринган ва оқибатда 2 та вагон рельсдан бутунлай чиқиб кетган. Яна 5 таси ён томонга ағдарилган.

Ҳодисанинг сабаби қўшимча қурилма — «лебедка» ёрдамида ишлаш технологиясининг бузилиши сифатида аниқланди, дейилади хабарда.