Президент Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги мажлисида Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш борасида гапирди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Ўтмишдаги хатоларни такрорламаслик ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслик лозим.

«Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради. Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз», — деди президент.

Шунингдек, Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида — у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қилди.

«Фонд маблағлари ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади», — деди Шавкат Мирзиёев.