Фарғона вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган Олтиариқ туманидаги мактабгача таълим ташкилотида 41 нафар бола заҳарлангани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

14 сентябрь куни соат 18:00 ларда Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмасига тумандаги 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган 8 нафар вояга етмаганлар алиментар диарея (номутаносиб овқатланиш оқибатида овқат ҳазм қилиш тизимининг бузилиши) бирламчи ташҳиси билан ётқизилган. Ҳозирда беморларнинг умумий ҳолати қониқарли.

Кейинги кун эса 33 нафар ушбу муассаса тарбияланувчисининг ота-оналари фарзандларининг саломатлигини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббиёт муассасасига мурожаат қилишган. Уларда касаллик аломатлари аниқланмаган. 20 нафари кузатув остида шифохонада қолдирилиб, 13 нафари шифохонадан чиқарилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтиариқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Экспертиза текшируви учун тегишли намуналар олиниб, суд-тиббий экспертизалари тайинланган.