Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Андижонда фуқаролар тергов жараёнларида қийноққа солингани ҳақидаги хабар юзасидан вазиятни ўз назоратига олди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Гап шундаки, 15 сентябрь куни Vodiy24.uz эълон қилган видеода андижонлик 5 нафар йигит иши апелляция судида кўрилаётгани, суд жараёнида айбланувчиларнинг ҳеч бири айбига иқрор эмаслиги, руҳий ва жисмоний босим асосида тергов қилингани айтилган. Тасвирларда аёллардан бири ўғли телефон ўғриланиши ҳолати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақиртирилган ва орадан 5−6 кун ўтиб чиқарилган. Гумондорнинг онаси фарзандини тергов вақтида калтаклаб, бошини деворга уриб ёришганини айтмоқда.

Яна бир йигит, укаси тухмат ортидан қамалиб кетаётганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, суд жараёнида гумондорлар уларни калтаклашганини айтганига қарамасдан, судья қонуний жиҳатдан чора кўрмаган. Хаттоки, иш юзасидан гувоҳлик қилаётганлар ҳам органлар босими остида ёлғон гувоҳлик беришга мажбур бўлишганини маълум қилишган.

Шунингдек, видеода айбланувчиларнинг яқинлари уларни сабабсиз ҳибсдан ушлаб туришганини, ноҳақдан 8−10 йиллаб қамаб юборишаётганини таъкидламоқда. Бироқ, видеодан гап қандай турдаги жиноят ҳақида кетаётгани, гумондорлар нимада айбланаётганини тушуниш мушкул.

Хабарга кўра, юқоридагилардан келиб чиқиб, қийноққа оид тарқалган мазкур хабар омбудсман назоратига олинган ва бу бўйича батафсил маълумот тақдим этилади.

Президентнинг 2021 йил 26 сентябрдаги қарори билан омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини ташкил этиш ва уларга қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш ва қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юклатилган.

Шундан келиб чиқиб, омбудсман офиси юқоридаги ҳолатни ўз назоратига олди ва бу бўйича батафсил маълумот тақдим этилишини қайд этди.