Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити давом этмоқда. ШҲТда иштирок этаётган барча мамлакатларнинг етакчилари Ўзбекистонга келди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Икки томонлама учрашув ва музокаралар якунлангач, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Покистон Ислом Республикаси бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида дарахтлар экди.



«Шарқ халқлари қадриятига кўра, дарахт экиш — хайрли иш. Мамлакатларимиз етакчилари биргаликда эккан дарахтлар ҳам ШҲТ мамлакатларининг дўстлиги, яхши қўшничилиги, тараққиёт ва равнақ сари муштарак интилишлари рамзидир», — дейилган матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбарлари биргаликда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказидаги «Боқий шаҳар» мажмуасига борди.

«Ушбу мажмуада қадимий шаҳарларимиз қиёфаси, миллий анъаналаримиз билан бирга дўст халқлар билан алоқалар тарихи ҳам акс эттирилган. Хусусан, Афросиёб ёдгорлиги деворларида сақланиб қолган Корея, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар элчиларини қабул қилиш маросими тасвирларидан фойдаланилган. Бундай маъно-мазмун, тарих ва бугунги кун уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди», — дейилган хабарда.



Шу ерда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар етакчиларининг ташрифи шарафига Ўзбекистон президенти номидан қабул маросими ўтказилди.

Давлат раҳбарлари ўртасида мулоқот бўлди. Улар Самарқанд саммити юксак савияда ўтаётгани, бугун икки томонлама учрашувларда муҳим келишувларга эришилганини қайд этди.


Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасидаги асосий тадбирлар 16 сентябрь куни бўлиб ўтади.