Ўқув йили бошида ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси нархлари ошгани ҳақидаги шикоятлар пайдо бўлди. (Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, дарсликлар ижараси нархлари Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.) Халқ таълими вазирлиги нархларнинг кўтарилганини жаҳон бозорида қоғоз нархининг кескин ошгани ва қоғозни мамлакатга етказиб бериш учун транспорт харажатлари ошиши билан изоҳлади. Президентнинг дарсликларни бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан берган топшириғидан сўнг ХТВ мактаб дарсликлари ижараси учун тўловлар бекор қилинишини билдирди.

Ижара нархларидан бошланган муҳокамалар ўқув дастурлари ва дарсликларни ишлаб чиқувчи Республика таълим маркази (РТМ) ва шахсан РТМ директори Шуҳрат Сатторов фаолияти муҳокамасига айланиб кетди. (РТМ дарсликларнинг асл макетларини тайёрлайди, уларни нашр этиш (кўпайтириш) эса ХТВ томонидан ўтказилган тендерларда ғолиб бўлган нашриётлар томонидан амалга оширилади. РТМ ўқув қўлланмалари ва дарсликларни нашр этмайди, уларнинг нархини белгиламайди.) РТМга қарши «ахборот кампанияси»да айниқса kompromatuzb аноним телеграм канали фаол бўлди.

21 август куни президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ўзининг Фейсбук-саҳифасида ўзбек мактаблари битирувчиларига қўйилган талабларни санаб ўтар экан, Сардор Умрзоқов бошчилигидаги команда президентдан бу йўналишда аниқ топшириқ олгани ва ишлар бошланганини маълум қилди.

Ўз навбатида, у гап қайси таълим дастури ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади: давлат раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги қарори билан 2022−2026 йилларда халқ таълимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида тўлиқ жорий қилиниши белгиланган Миллий ўқув дастури тўғрисидами ёки бошқа, мутлақо янгиси тўғрисида?

Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқишга БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) халқаро экспертлари жалб қилинди, дастурнинг ўзи Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида бир неча босқичларда муҳокамадан ўтди ҳамда инспекция томонидан Таълим узлуксизлигини таъминлаш концепциясига киритилди.

Хуллас, 31 август куни «аниқ топшириқ» олингани ва «иш бошлангани» маълум қилинган бўлса, 5 сентябрь куни Комил Алламжонов «барча мактаб дарсликларини комплекс текширувдан ўтказиш, улардаги мавжуд хато ва камчиликларни аниқлаш, сифатини яхшилаш бўйича» катта ишчи гуруҳ тузилганини эълон қилди. Эртаси куни у «мактаб таълими сифатига бефарқ бўлмаган ҳар кимдан бу борадаги муаммолар, уларнинг ечими ҳақида таклифлар»ни юборишни сўради. Унинг сўзларига кўра, «тўрт соат ичида почтага 1278 та мурожаат келиб тушган ва бу кўрсаткич ҳар дақиқада ошиб бормоқда».

Дарслик муҳокамасига бошқа таниқли шахслар ҳам қўшилди. Жумладан, Файзбоғ телеграм-канали муаллифи (Темур Малик), шунингдек, блогерлар Нурбек Алимов ва Али Каххаров машҳур тадбиркор Мурод Назаров ҳақидаги маълумотларнинг дарсликка киритилгани ҳақида ёзди. Таниқли жамоат арбоби ва блогер Азиза Умарова дарсликларни краудсорсинг орқали қайта кўриб чиқишни таклиф қилди: унинг фикрича, «чет тилини билмайдиган, Future of jobs/касбларнинг келажаги (шу номдаги анъанавий анжуман — тарж.)ни тўлиқ тушунмайдиган, хориждаги таълим тизимини кўрмаган одамлар 2022 йилда ўтириб, мустақил равишда яхши нарса яратган бўлишлари даргумон». (РТМ маълумотларига кўра, дарсликларни ёзиш ёки уларни экспертизадан ўтказиш учун жалб қилинган мутахассисларнинг аксарияти хорижда ўқишган, ЮНИСЕФ томонидан жалб қилинган халқаро экспертлар эса жараёнда маслаҳатчи сифатида иштирок этишган.

Ушбу мақола тайёрланаётган бир пайтда, 14 сентябрь куни kompromatuzb аноним канали таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 2-синфлари учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслигидан (2021 йилда Миллий ўқув дастурига ўтиш доирасида нашр этилган) саҳифаларидан бирини эълон қилиб, ўқувчилардан «Катта бўлсам, Нобел оламан» мавзусида ҳикоя ёзишлари сўралган вазифага эътиборни қаратади. Канал муаллифи «Нобель ҳақида 2-синф ўқувчисида тушунча онасини қорнида пайдо бўлганми?!» деган саволни кўтарди.

РТМ матбуот хизматининг тушунтиришича, мазкур саҳифа Нобел мукофотига бағишланган бўлимнинг якунидир. Унгача ўқувчилар Нобел мукофоти ҳақидаги аудио матнни тинглайдилар, матнга оид топшириқлар устида ишлайдилар ва ҳикоя ёзиш мазкур мавзу бўйича олдинги топшириқларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Дарслик муаллифи Ирода Азимова ўзининг Фейсбук-саҳифасида бу каби топшириқлардан кўзланган мақсад болаларда илмга қизиқиш уйғотиш эканини тушунтириб, бундай иғволардан чарчаганини таъкидлади. У Шерзод Шерматов (собиқ халқ таълими вазири, ўша пайтда вазир янги дарсликлар яратиш жараёнини бошлаган эди) ва ХТВнинг амалдаги раҳбарияти вакилларини вазиятга муносабат билдиришга чақирди.

Муҳокамалар фонида янги мактаб дарсликлари муаллифлари президентга мурожаат қилиб чиқишди. Улар дарсликларга замонавий методикани, методикадаги замонавий тенденцияларни ҳозирги замон боласига нимани қандай ўргатиш кераклигини тушунадиган мутахассислар, холис экспертлар баҳо беришларини сўрашди. Юрист ва блогер Хушнудбек Худайбердиев бундай қадамни «страховка» деб атади ва «Қўрқоқ олдин мушт кўтарар» мақолини эслаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, дарсликларнинг аксарияти талабга жавоб бермайди ва янгиланиши керак.

РТМ маълумотларига кўра, жорий йилда Миллий ўқув дастурига ўтиш доирасида 6, 7 ва 10-синфлар учун дарсликлар тайёрланди. «Газета.uz» дарслик муаллифларига мурожаат қилиб, бир нечта дарсликлар — тил ва адабиёт дарсликлари мисолида ушбу дарсликларда нима ўзгаргани ва нима сабабдан ўзгарганлигини тушунтиришларини сўради. Дарсликларнинг электрон вариантлари РТМ каналига жойлаштирилган.

РТМ бўлим мудири Барнохон Турсуналиева ҳамда адабиёт бўйича дарслиги муаллифи, филология фанлари доктори Зулхумор Мирзаева тил ва адабиёт дарсликларига киритилган ўзгартиришлар ҳақида сўзлаб беришди.

Дарсликлардаги ўзгаришлар

Она тили: Қандай эди?

Ижтимоий тармоқларда, айниқса, ўқитувчиларнинг «Маърифат» газетаси ўқувчиларининг телеграм гуруҳида ўзбек мактаблари учун она тилидан янги дарсликлар қизғин муҳокама қилинмоқда. Муҳокама иштирокчиларидан баъзилари «она тили фани ўз моҳиятини йўқотиб, турли фанлар қоришмасига айланиб қолди», деб нолийди. Дарҳақиқат, масалан, ўзбек мактабларининг 6-синфи учун она тили дарслигининг мундарижасига эътибор қаратсангиз, одатий мавзулар, масалан, «Феъл», «Феълнинг шахс-сон, замон шакллари», «Сифатдош» ўрнига «Тил — мулоқот воситаси», «Глобал исиш», «Экспорт-импорт», «Солиқлар», «Рақамли дунё» каби мавзуларни кўришингиз мумкин.

Аввалги она тили дарсликлари тилнинг тузилишига оид тизимли қоидалар ва бу қоидаларнинг ёд олинишини таъминловчи машқлардан иборат эди.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун она тили дарслиги мундарижаси (2017 йил).

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун «Она тили» дарслигидаги (2017 йил) мавзулардан бири. Ўқувчилар феъл турларини ажратишни ўрганадилар.

Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун «Родной язык» дарслигидаги (2017 йил) мавзулардан бири.

Нималар ўзгарди?

1. Дарснинг (ёки дарслар кетма-кетлигидан иборат мавзунинг) асосий ўзагини аввалгидек грамматик қоида эмас, балки матн ташкил этади. Матнлар мавзу, услуб (бадиий, ахборот, публицистик, илмий-оммабоп ва бошқалар) ҳамда шакл (тўлиқ матн, инфографика, жадваллар, диаграммалар ва бошқалар) жиҳатдан турлича бўлиши мумкин.

2. Машқлар матн асосида тузилган ва ўқувчиларда қуйидаги кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган:

— матнни тушуниш кўникмалари;

— матн яратиш кўникмалари (ёзма ёки оғзаки);

— танқидий ва ижодий фикрлаш, шунингдек, тадқиқотчилик кўникмалари;

— тил қоидаларини ўзлаштириш.

3. Ўрганиладиган тил қоидалари тизимли тарзда (фонетика ва лексикологиядан морфология, синтаксис ва услубиятгача) эмас, балки матнлар асосида (матнда учрашига қараб) берилади. Аксарият ҳолларда қоидалар ихчам, ортиқча терминологиядан холи тарзда берилади.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфлари учун она тили дарслиги мундарижаси (2022 йил).

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Она тили» дарслигидаги (2022) бир мавзудан парчалар . Болалар а) инфографикани тушунишни, б) мавзуга оид атамаларни тушунишни, в) тақдимот қилишни ўрганадилар.

Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг 7-синфи учун «Русский язык» дарслигидаги (2022) бир мавзудан парчалар. Матн асосида болалар а) мавзу бўйича ўз фикрини билдиришни, б) боғловчи ва тиниш белгиларидан тўғри фойдаланишни ўрганадилар.

Нима учун?

Она тили бўйича миллий дарсликларда устун бўлган тилнинг тузилишини (фонетика, лексикология, морфология, синтаксис, стилистика) изчил ўрганиш тилшунослик билан шуғулланадиган мутахассислар учун зарурдир. Бироқ тилшунос кадрлар тайёрлаш умумтаълим мактабининг вазифаси эмас. Мактабдаги тил таълимининг (она тили ва бошқа тилларнинг) вазифаси ўқувчини турли мулоқот вазиятларида тилдан тўғри ва самарали фойдаланишга ўргатишдир. Бунинг учун ўқувчи қуйидаги кўникмаларга эга бўлиши керак:

— ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган оғзаки, ёзма ва визуал матнларнинг ҳар хил турларини тушуниш;

— ўз фикрларини бошқаларга етказиш учун матнлар (оғзаки, ёзма, визуал) яратиш ва диалогда (полилогда) қатнашиш;

— ахборотни қидириш, топиш, солиштириш ва таҳлил қилиш.

Рус ва ўзбек тиллари (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)

Қандай эди?

Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун рус ва ўзбек тиллари дарсликлари ҳам тил тузилишини (фонетика, морфология, синтаксис) тизимли ўрганиш асосида қурилган эди. Матн ва машқлар асосан грамматикага оид мавзуларни ўрганишга хизмат қилган.

Таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Ўзбек тили» дарслиги саҳифалари (2017).

Таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 7-синфи учун «Рус тили» дарслиги саҳифалари (2017).

Нима ўзгарди?

Дарслар коммуникатив мавзу асосида қурилган бўлиб, унинг асосида тегишли даража учун лексика ва грамматикаси мос бўлган матн (диалог) танланади. Ушбу матн тил кўникмаларини (ўқилган ёки эшитилган матнни тушуниш, оғзаки ёки ёзма мулоқот) ривожлантириш ҳамда лексика ва грамматикани ўрганиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Ўзбек тили» дарслигида бир мавзудан парчалар (2022). Болалар а) ўзини ва бошқаларни таништириш, б) айрим сўзларни тўғри ишлатишни ўрганадилар.

Таълим ўзбек ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 5-синфи учун «Рус тили» дарслигида бир мавзудан парчалар (2022). Болалар а) дарс ҳақида гапиришни, б) феълнинг ўтган замон шаклини тўғри ишлатишни ўрганадилар. РТМ маълумотларига кўра, ушбу йўналишдаги дарсликлар рус тилини чет тили сифатида ўқитиш методикаси асосида яратилган ва А. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликда тайёрланган.

Нима учун?

Она тили бўлмаган тилни ўқитишда коммуникатив ёндашув ўқувчига ҳатто чекланган лексика (луғат бойлиги) ва грамматика доирасида ҳам тилни тушуниш ва мулоқот қилиш имконини беради. Бундан ташқари, лексика ва грамматикани контекстда (матн билан боғлиқ ҳолда) ўрганиш уларни яхшироқ ўзлаштиришга ёрдам беради.

Дарвоқе, шу ўринда ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган «муаммо» — таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун ўзбек тили дарслигига тадбиркор Мурод Назаров ҳақидаги матннинг киритилгани ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтиш жоиздир. Тилларни ўқитиш методикасида «аутентик материал» деган тушунча мавжуд. Тилларни ўқитишнинг замонавий усули ўқувчини реал вазиятларда тилдан фойдаланишга тайёрлашни мақсад қилади ва бунинг учун реал ҳаётдан олинган турли хил материаллардан фойдаланишни тавсия қилади.

Оммавий ахборот воситаларидаги матнлар, хариталар, чипталар, рекламалар, кўрсатмалар — тил фойдаланувчиси реал ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган барча нарсалар «аутентик материал», яъни ҳақиқий ҳаётдан олинган материал бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Бундай материаллар тил кўникмаларини машқ қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади. Таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун ўзбек тили дарслигида Мурод Назаров ҳақидаги матн ўқиб тушуниш кўникмаларини ривожлантириш учун аутентик материал сифатида ишлатилган. Бундай аутентик материалларга мисол тариқасида дарслик муаллифлари Кембриж инглиз тили дарслигидаги Симпсонлар ҳақидаги ёки Германияда нашр этилган немис тили дарслигидаги Шварценеггер ҳақидаги матнлардан мисоллар келтирдилар. Мана бу рўйхатда янги дарсликларга киритилган машҳур шахслар номи келтирилган.

Адабиёт

Қандай эди?

Адабиёт дарсликлари асосан «ёзувчининг таржимаи ҳоли — асари (ёки ундан парча) — ўқилган асар ҳақидаги мақола — савол ва топшириқлар» тамойили асосида қурилган эди. Ушбу ёндашув ўқувчиларда асарни мустақил таҳлил қилиш кўникмаларини ривожлантиришни кўзда тутмайди, чунки асар ҳақидаги мақолада асарнинг «тўғри таҳлили» берилган бўлади.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Адабиёт» дарслигидаги бир мавзудан парчалар (2017).

Нима ўзгарди?

1. Ўрганилаётган асарлар ҳақидаги мақолалардан воз кечишга қарор қилинди.

2. Бадиий матн билан ишлаш бир неча босқичда қурилади, уларнинг ҳар бири ўзига хос мақсадни кўзлайди:

— матндан олдинги топшириқлар ўқувчиларни асарни тушунишга тайёрлайди;

— матн ичидаги саволлар асар матни билан ишлаш, ундаги сўзлар, воқеалар, образларни тушунишга ёрдам беради;

— матндан кейинги топшириқлар асарни таҳлил қилишга (асар ғоясини аниқлаш, қаҳрамонларга баҳо бериш, лингвистик ва бадиий хусусиятларини таҳлил қилиш, унда кўтарилган муаммони ҳаёт билан боғлаш) ёрдам беради.

3. Кўпгина мавзулар мактабда ўрганиладиган бошқа фанлар (тарих, табиатшунослик, тил ва бошқалар) билан интеграцияни ўз ичига олади.

4. «Адабий канонлар» билан бир қаторда янги муаллифлар ҳамда ўқувчиларга таниш, замонавий мавзулар ва муаммоларга бағишланган асарлар киритилган.

Таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Адабиёт» дарслигидаги бир мавзудан парчалар (2022). Рей Бредберининг «Бир кунлик ёз» ҳикояси асосида болалар: а) жойнинг илмий ва бадиий тасвирини солиштирадилар, б) мактаблардаги буллинг сабаблари ва оқибатларини таҳлил қиладилар ҳамда ҳамдардликни ўрганадилар, в) асардаги сифатлашларни топиш ва уларнинг ўқувчига таъсирини тушунишни ўрганадилар.

Таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг 6-синфи учун «Адабиёт» дарслигидаги бир мавзудан парчалар (2022).

Нима учун?

Ҳақиқий санъат асари турли талқинларга имкон бериши керак. Матн билан ишлашда кўп босқичли ёндашув ўқувчиларга бадиий матнни яхшироқ тушуниш, ўз талқинларини яратиш ва асардан хулоса чиқариш имконини беради. Янги муаллифлар ва асарлар эса ўқувчиларни турли маданиятлар билан таништириш, уларнинг китоб ўқишга қизиқишини ошириш мақсадида киритилган.

Дарсликлар устида ишлаган муаллифлар жамоаси янги дарсликлар ўқувчиларга нафақат мавзуни ўзлаштириш, балки мулоқот, танқидий фикрлаш, изланиш ва муаммони ҳал этиш кўникмаларини ривожлантириш имконини бериши, дарсликларнинг ранг-баранг дизайни эса ўқув жараёнини янада қизиқарли қилишига умид билдиришди.