Президент Лола Муротова вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

збекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муротованинг 64 ёшида вафот этгани муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. «Атоқли фермер, қишлоқ хўжалиги илмининг етук намояндаси, таниқли жамоат арбоби, камтарин ва самимий инсон Лола Муротованинг ёрқин хотираси қалбларда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади таъзияда.

Нодирбек Абдусатторов халқаро мусобақада ғолиб бўлди

Нодирбек Абдусатторов 5th Sharjah Masters 2022 шахмат турнири ғолибига айланди. Абдусатторов БАА вакили Салем Салеҳ билан бир хил очко жамғарган бўлсада, ўзаро баҳсдаги ғалаба эвазига биринчи ўринни эгаллаган.

Олис ҳудудларга ун маҳсулотларини етказишда транспорт харажатининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади

Президент қарорига мувофиқ Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси 2022 йил ҳосилидан 2 550 минг тонна буғдой сотиб олади. Олис ва тоғли ҳудудларга ун ва ун маҳсулотларини етказишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилади. Донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш жараёни тезкор ва шаффоф амалга оширилиши учун d-xarid.uz ахборот тизими ишга туширилади.

«Сабаблари асосли очиб берилмаган». ХДП фракцияси ЙПХ ходимларини суратга олишни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини рад этди

ИИВ ЙПХ ходимларини суратга олиб интернетда тарқатганлик учун 15 млн сўм жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазолашга оид қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритди. ХПД фракцияси таклифлар бўйича сабаблар асосли очиб берилмаганлиги учун мазкур қонунни биринчи ўқишда кўриб чиқишни рад этиб, уни кун тартибидан чиқариб ташлади. Бу ходимларни тасвирга олишни тақиқлашга бўлган навбатдаги уриниш, аввалроқ вазирлик таклиф этган ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди.

«Товуқбоқарлар ўқув машғулотларида қатнашмаган» — Андижон вилояти ҳокимлиги кредитга товуқ олиб боқаётган аҳоли ҳақида

Андижон вилоятида кредит асосида 200 минг донадан ортиқ товуқ тарқатилган аҳоли паррандаларнинг нобуд бўлаётганлиги, кам тухум қўяётганлиги ва иммунитети пастлигидан шикоят қилмоқда. Kun.uz нашри битта товуқ аҳолига ўртача бозор нархидан анча қимматга тушаётганлиги ҳақида ёзди. Вилоят ҳокимлиги ва товуқларни етказиб берган корхона товуқбоқарларни ташкил этилган ўқув машғулотларида қатнашмаганликда айблади.

Самарқандда сайёҳлик автобуси «Камаз» билан тўқнашди, бир киши ҳалок бўлди

Иштихон туманида Бухородан келаётган сайёҳлик автобуси «Камаз» билан тўқнашиб кетди. Бунинг оқибатида ҳайдовчининг шериги воқеа жойида вафот этди, бир нафар руминиялик сайёҳ эса енгил тан жароҳати олди.

Тошкентда мушукни деразадан улоқтирган боланинг шахси аниқланиб, отасига жарима солинди

Ижтимоий тармоқларда Р. Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабининг ўқувчиси 3-қаватдан мушукни улоқтиргани акс этган видео тарқалди. Вояга етмаган йигитнинг отасига нисбатан болаларни тарбиялаш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлиги бўйича протокол тузилиб, у жаримага тортилди.

Болалар куни муносабати билан 200 минг сўмдан тарқатилаяпти деган хабарлар ёлғон — Пенсия жамғармаси

Ижтимоий тармоқларда тарқалган 1 июнь — Болалар куни муносабати билан барча болаларга 200 минг сўмдан берилишига оид хабарлар мутлақо ёлғон, деб маълум қилди Пенсия жамғармаси директори Абдулазиз Ҳайдаров. Унинг сўзларига кўра, 200 минг сўмлик нафақа пуллари фақат кам таъминланган оилалар реестрига киритилган, 18 ёшга тўлмаган 4 млндан ортиқ болаларгагина берилади.

Uzcard фирибгарлик ҳолатлари ҳақида огоҳлантирди

Uzcard пенсионер ва нафақахўрларга бир марталик ёрдам пули тарқатиш ҳақидаги хабарлар фонида фирибгарлар томонидан фуқароларнинг пластик карта маълумотларини қўлга киритишга уринишлар кўпайганлиги ҳақида огоҳлантирди. Президент фармони билан ажратилган ижтимоий ёрдам пули бир марталик пул ўтказмалари бўлиб, улар автоматик тарзда ўтказилади.

Миробод туманидаги 6 та йўл кесишмасида ҳаракат қисман чекланади

Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги йўлларда кетаётган таъмирлаш ишлари сабабли Марказий темир йўл вокзали яқинидаги 6 та йўл кесишмасида машиналар ҳаракати қисман чекланади.

USAID Ўзбекистонга $1,3 млнлик ускуналарни топширди

АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистоннинг миллий иммунизация тизимини мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон ССВга совуқ занжирли ускуналар ва компьютерларни топширди. Ускуналар 671 та совутгич, 212 та музлатгич ва 150 та компьютердан иборат бўлиб, умумий қиймати 1,3 млн долларни ташкил этади.

Солиқ қўмитаси чек берилмагани учун тадбиркорларни текшириш қоидаларини юмшатди

1 июндан бошлаб чек бермаган тадбиркорларни солиқ хизмати органлари томонидан текшириш қоидалари ўзгармоқда. Энди биринчи шикоятдан сўнг тадбиркор дарҳол жазоланмайди, лекин у билан профилактик суҳбат ўтказилади. Шунингдек, фуқаролар 24 соат ичида иккитадан ортиқ мурожаат юбора олмайди.

Ҳафта охиригача ёғингарчилик кутилмайди, кунлар исий бошлайди

Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳарорат аста-секин кўтарилиб, +35…+37 даражагача исийди. Фақат тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Айрим жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиб, чанг-тўзон кўтарилиши кутилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

IT фақат йигитлар учун эмас, қизлар ҳам эплай олади — Фазилатбону Менглиева

«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги IT соҳасини ўрганаётган ўсмир қизлар билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз — хоразмлик мактаб ўқувчиси Фазилатбону Менглиева. У робототехника соҳасига қизиқиши, IT`ни YouTube`да ўрганишни бошлагани, ота-оналар қизларига IT соҳаси билан шуғулланишга рухсат бермаслигининг сабаблари ҳақида гапириб, тенгдошларига ўз маслаҳатлари билан бўлишди.

Фото: Тошкентда хизмат итлари кўргазмаси ўтказилди

«Хизмат итлари-2022» кўргазмасида хавфсизлик идоралари ва вазирликларининг 100 дан ортиқ итлари иштирок этди. Тадбир кинологик хизматлар ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашишни кучайтириш мақсадида ташкил этилди. «Газета.uz» мухбири Мадина Аъзам фоторепортажи.

Zaamin Ultra: Ёмғир, туман ва тоғлар бағридаги марафон қандай ўтди?

28−29 май кунлари Зомин миллий боғида иккинчи Zaamin Ultra марафони — спорт, мусиқа ва санъат фестивали бўлиб ўтди. Чодирларда ўтган ёмғирли тун, оилавий ва жамоавий югурганлар, ногиронлиги бор марафончилар, совуқ ҳаво ва туманга қарамасдан мураккаб масофани босиб ўтган югурувчилар — Zaamin Ultra «Газета.uz» мухбири фотоҳикоясида.

Прокрастинация нима, нега биз бунга йўл қўямиз ва уни қандай енгиш мумкин?

Ҳозирги даврда прокрастинацияга дуч келмаган, бундан азият чекмаган инсонлар жуда кам бўлса керак. Аммо биз унинг сабабларини, аслида қандай оқибатларга олиб келишини биламизми?