28 май куни президент ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги [262-сонли] қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Унга кўра, 2022 йил ҳосилидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 2,5 тоннадан, жами 2 550 минг тонна буғдой Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан харид қилинади.

Сотиб олинган буғдойнинг 1 783,5 минг тоннаси товар буғдой давлат ресурси сифатида ҳамда 266,5 минг тоннаси уруғлик учун олинади. 500 минг тоннаси кейинчалик биржа савдоларида сотиш учун фермер хўжаликлари ҳамда бошқа ғалла етиштирувчилар томонидан Жамғарманинг тижорат вакилида вақтинчалик сақлашга қабул қилинади.

Шунингдек, 2022 йил ҳосили учун буғдой етиштирувчилардан тижорат вакилида вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган товар буғдой июль-август ойларида биржа савдолари орқали сотилади.

Бундан ташқари, эндиликда олис, бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларга ун ва ун маҳсулотларини етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизигача қисми қоплаб берилиши маълум қилинди.

Қарорга кўра, донни қабул қилиш ва омборлардан чиқариш жараёни тезкор ва шаффоф амалга оширилишини таъминлаш мақсадида d-xarid.uz ахборот тизими ишга туширилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан харид қилинган ва буғдой етиштирувчилардан вақтинчалик сақлаш учун қабул қилинган:

  • 3 ва ундан юқори синфлардаги буғдой — биржадан харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги унни биржа савдолари орқали сотиш мажбуриятини олган, ун ишлаб чиқариш қувватларига эга тадбиркорларга;
  • 4- ва 5-синфлардаги буғдой — барча тадбиркорларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган график асосида биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади.