«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилиб, IT соҳасини ўрганишни бошлаган, турли лойиҳаларни амалга ошираётган ва келажагини ушбу соҳада кўрадиган ўсмир қизлар билан суҳбатлар уюштирди. Улар нега IT соҳасига қизиқишгани, бунга нисбатан атрофдаги турли гап-сўзлар ва келажакдаги режалари ҳақида сўзлаб, тенгдошлари учун ўз маслаҳатлари билан ҳам бўлишишди.

Навбатдаги меҳмонимиз Фазилатбону Менглиева. У 2007 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган, шаҳардаги 29-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олмоқда. Фазилатбону кичкиналигидан IT`га қизиқиб келади. Бўш вақтларида янги дастурларни ўрганиб, уларда янги лойиҳалар тузади. Ўзи мустақил Blender, Tinkercad каби 3D`га ихтисослашган дастурларда лойиҳалар тузган. Келажакда у IT`даги билимларини янада мустаҳкамлаб, энг яхши дастурчилардан бирига айланишни хоҳлайди.

«IT соҳасини YouTube`дан ўрганишни бошлаганман»

Мен Хоразм вилоятида IT`га ихтисослаштирилмаган, оддий мактаб — 29-мактабнинг 9-синф ўқувчисиман. Ёшлигимдан отам ва акамни компьютерда ишлашини кўриб IT`га қизиқишим уйғонган. Дастлаб, компьютер ўйинларини ўрганганман, кейинчалик дастурлашни ўрганишни бошлаганман. Келажагимни тиббиёт ва IT соҳасини бирлаштирадиган инсон сифатида кўраман.


Фазилатбону Менглиева (ўнгда) ўқитувчиси билан. Фото: Фазилатбону Менглиеванинг шахсий архивидан

IT бўйича ҳеч қандай қўшимча тўгаракларга бормайман. Бу соҳани YouTube`дан ўрганишни бошлаганман. IT бу — келажак касби. Атрофимиздаги кўп нарсалар телефонлар, компьютерлар, гаджетлар ва турли бошқа технологиялар IT`нинг маҳсули ҳисобланади.

«IT`да фақат йигитлар бўлгани учун ота-оналар қизларга рухсат бермайди»

Тўғрисини айтсам, «IT қизлар учун эмас», «ўқиб олим бўлармидинг?» деган гапларни эшитсам асабийлашаман, қаттиқ жаҳлим чиқади. Истасак ҳам, истамасак ҳам барибир шундай гаплар бўлади. Бундай гаплар тез-тез қулоғимга чалинади. Бу соҳа фақат йигитлар учун эмас, қизлар ҳам эплай олади.

Наврўз байрами олдидан мактабимизда танлов ташкил этилганди. Мен информатика фанидан танловда қатнашдим. У ердаги деярли барча иштирокчилар ўғил болалар эди. Мен ва яна икки нафар қиз қатнашдик. 40 дақиқа ичида бир лойиҳа тайёрлаш керак эди. Ўша мусобақада 1-ўринни олдим. 15 нафар йигит ичида мен 1-ўринни олганим куч берди. Танловда ғолиб бўлишга-ку бўлдим, лекин барибир ичимдан ҳижолат ҳисси ўтди. Нега? Чунки қизлар жуда кам эди. Танлов якунида расмга тушдик, унда ҳам кўпгина ўғил болалар ва мен билан бир неча қиз бор эди. Ўша пайт баъзи ота-оналар фақат йигитлар бўлгани учун ҳам рухсат бермасликларини тушундим.

Баъзида лойиҳаларим устида ишлаётганимда «свет» ўчиб қолган ҳолатлари ҳам бўлган. Бу вақтда асосан уй ишларини қилишимга тўғри келади. Жаҳлим чиқса ҳам, чарчаган бўлсам ҳам оғир босиқлик қилишга мажбур бўламан. Кейин кечаси билан дарс қилишимга, шуғулланишимга тўғри келади. Баъзан ота онам кўп шуғулланишим соғлигимга таъсир қилишидан хавотир олиб, бунга қаршилик қилишади. Шундай вазиятлар бўлганки, оддий телефон чироғи билан дарс қилганман.


Фото: Фазилатбону Менглиеванинг шахсий архивидан

«Келажакда одамларга тиббий ёрдам кўрсатадиган робот ясамоқчиман»

Менинг бир орзуим бор — ўзимнинг шахсий компаниям бўлишини истайман. У ерда робототехника билан шуғулланмоқчиман. Ўзбекистонда роботлар ишлаб чиқариб, дунё миқёсида бизнес қилишни истайман.

Робототехника йўналишини яхши кўраман. Ўзим уйда кичкинароқ ва оддийроқ роботларни ясаб кўрганман. Яқинда робот ясашга керак бўладиган нарсаларга онлайн тарзда буюртма бердим. Вилоятимизда бошланғич роботларни ясаш учун керак бўладиган нарсаларни сотадиган дўкон топиш қийин бўлди. Ҳозирча фақат кичик бошланғич роботларни ясаяпман. Келажакда каттароқ робот ясаш ниятим бор. Келажакда мен яратадиган роботлар одамларга уй ишларида ёрдамлашади ва қийналган, ёлғиз яшайдиган кекса одамларга тиббий ёрдам кўрсатади. Мураккаб жарроҳлик амалиётини олиб борадиган роботларни ҳам яратмоқчиман.

Яқинда интернетда энг ақлли робот, яъни эмоцияларни кўрсата оладиган робот ҳақида ўқиб қолдим. Роботларда ҳам худди инсонлардаги юз ва эмоцияларни тасвирлашга ҳаракат қилишган. Тўлиқ инсонлардаги туйғуларни роботларда акс эттириш имконсиз бўлса-да, лекин қисман иложи бор. Одам нима қила олса, робот ҳам шу ишларни қила олади. Халқаро даражада фаолият олиб боришим учун инглиз тили билимларимни ҳам оширмоқчиман.


Фото: Фазилатбону Менглиеванинг шахсий архивидан

IT`ни ўрганишга ҳозирча менда барча шароитлар бор. Лекин робототехникага қизиқадиганлар учун ҳар бир вилоятда маҳсулотлар сотадиган дўконлар кўпроқ бўлишини хоҳлардим. Шунда онлайн буюртма ҳам бериб ўтирмасдим. Чунки бунга узоқ вақт кетади, мен ҳалиям буюртмам келишини кутяпман. Мактабимда информатика дарсларини икки гуруҳга бўлинган ҳолда электрон доскада ўрганамиз, аммо вилоятимдаги бошқа мактабларда ўқийдиган дўстларим билан гаплашганимда мактабдаги компьютерларни деярли ишлатмасликларини айтишади.

Тенгдошларимга IT соҳасини танлашни маслаҳат берган бўлардим. Ҳали-ҳануз атрофимдаги дугоналаримга шу ҳақида гапираман. IT — келажак соҳаси. Мен турли мисоллар келтириб уларга буни исботлашга ҳаракат қиламан. Барибир ҳамманинг ҳам ота-онаси бунга рухсат бермайди, маълум доирада чеклов бўлади. Қизларга «бу сенга тўғри келмайди», дейилади. «Ҳали сен эрга тегишинг керак, оилали бўлсанг бу нарсаларга вақтинг бўлмайди», дейишади. Мен шундай фикрлайдиган ота-оналардан бундай қилмасликларини сўраган бўлардим. Чунки бу қизларнинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилади.

Қизлар шунчаки оғизда эмас, реалда ўз мақсадларини кўрсата олишлари ҳам мумкин. Масалан «ICT4Girls» лойиҳасига қатнашганимда 3 кун ота-онамдан узоқда бўлдим. Ва лойиҳа сўнггида юқори ўринни эгаллаб компьютерга эга бўлдим. Тўсиқлар доим бўлади, шунчаки кучли бўлиш керак.

Фазилатбону Менглиева «Қизларнинг IT кўникмаларини ривожлантириш» (ICT4Girls) лойиҳаси иштирокчиси хисобланади. Лойиҳа Ўзбекистонда ахборот технологиялари йўналишига қизиқаётган, соҳада маълум кўникма ва билимга эга бўлган мактаб ёшидаги қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг рақамли имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Ушбу лойиҳа Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази (ITSM) ва Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган.