Андижон вилоятида аҳолига жорий йил апрель ойидан буён кредит асосида 200 минг донадан ортиқ товуқ тарқатилган эди. Kun.uz нашри битта товуқнинг нархи ўртача 81 минг сўмлиги ва бу бозордан анча қимматлигини, тухум қўйиши кутилганидай бўлмай, кун сайин нобуд бўлиб бораётган товуқларни деб шундоқ ҳам камбағал аҳоли қарзга ботаётганлиги ҳақида ёзди. Андижон вилояти ҳокимлиги ҳолатга «ташкил этилган ўқув амалий-машғулотларида ҳар бир парранда боқувчи ўз вақтида иштирок этмаган ёки умуман қатнашмаган», дея муносабат билдирди.

Kun.uz нашрининг ёзишича, тез кунларда вилоятда лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланиб, аҳолига яна 200 минг дона товуқ тарқатилиши режалаштирилган. Бироқ вилоятнинг турли ҳудудларидан тўхтовсиз келаётган мурожаатлар одамларнинг товуқ боқиб, муаммолар ичида қолиб кетганини кўрсатмоқда. Мурожаатчилар сафига товуқ боқишга масъул бўлган кооперативчилар ҳам қўшилган. Кооператив эгалари товуқлар умуман боқишга яроқсиз эканлигини билдириб, якунда аҳоли кредитни тўлай олмаслиги аниқ эканлигини таъкидлаган.

Kun.uz самара бермаётган лойиҳа ечими юзасидан суриштирув ўтказиб, товуқ боқаётган мурожаатчилар, товуқ тарқатиб маҳсулот олувчи кооператив масъуллари билан суҳбатлашган.

«Товуқлар қирилаётгани сабабини ветеринарлар ҳам билмаяпти»

Олтинкўл тумани Ижтимоят маҳалласида яшовчи Муҳаммадносир Шаропов 200 дона товуқ олган. Шундан 40 донаси ўлган. 50 донасини кооперативга қайтариб бериб, ҳозирда 100 дона товуқ боқмоқда.

«Эчкимни сотиб жой қилдим. Лекин ҳеч фойда йўқ, фақат зарар. „Товуқлар учун жойни ерга эмас, тепага қилинг“, дейишди. Қилдим. Барибир касалланиб ўляпти. Уларга кунига 47 минг сўмлик ем оламан, 25 минг сўмлик тухум қиляпти. Афсуски, тирикчиликнинг пулини ҳам шу товуқларга едиряпмиз. Дўкончилар тухумнинг донасини кичиклиги учун оғриниб, зўрға 600 сўмга оляпти. Битта тухумнинг таннархи эса менга 2 500 сўмга тушяпти. Товуқлар жуда нозик экан, зўр шароит қилсак ҳам касалланиб, ўлиб қоляпти. Бозорда шу товуқларни 20 минг сўмга ҳам олмаяпти. Бошимиз қотган», — деди у.

Шунингдек, мазкур маҳаллада яшовчи Муқаддамхон Юсупова бошида 200 дона товуқдан 45 тагача тухум олганини, товуқлар қирилиб кетиб, тухум қилмай қўйганини билдирган. Товуқбоқар ветеринарлар келгани, лекин товуқлар қирилаётгани сабабини айтиб бера олмаганидан ҳайрон.

Муқаддамхон Юсупова. Фото: Kun.uz

Марҳаматлик Темур Тўхтасинов ҳокимият вакиллари томонидан берилган 670 дона товуқни боқиш учун бор-будини сарфлаб, шароит яратган. Парранда боқишнинг устаси бўлган йигитга берилган товуқларнинг 200 таси ўлиб қолган. Темур Тўхтасинов берилган паррандалар яхши боқилмай, эмланмай тарқатилганини айтган. Товуқдан даромад эмас, зарар кўраётган тадбиркор кредитни тўлай олишига кўз етмайди.


«Ҳокимиятга деярли ҳар куни товуқларни қайтариб олишларини сўраб бораман. Товуқ боқиб даромад олиш бўйича яхши тажрибам бор. 350−400 та товуқ боқиб, 90−95 фоиз тухум олишга эришганман. Лекин бу товуқларга жуда зўр шароит қилиб ҳам фойда ололмаяпман. Улар бизга етиб келгунича яхши боқилмаган, эмланмаган. Шунинг учун иммунитети паст. Яна айнан тухумдонлар етилганда, яъни қўзғатиш мумкин бўлмаган пайтда тарқатилган», — дейди у.

Темур Тўхтасинов. Фото: Kun.uz

Темур Тўхтасиновнинг айтишича, унга келган товуқларнинг кўпининг оғирлиги бир килограмм ҳам чиқмаган. «Шартномада 80−85 фоиз тухум қилишини айтишганди. Ундай бўлмади. Қирилиб кетди. Хусусий ветеринар ёллаб, ўлган товуқларни ёрдирдим, касалликларини аниқлатдим. Кўп марта «Пахтаобод парранда»га бориб ёрдам сўрагандим, беришмади. Охири қўнғироқ қилсам, телефонини ўчириб олишди», — дейди у.

«Икки баробар кўп маблағ сарфлаб даволадим. Барибир бўлмади. Ҳозир уларни ўлдириб қўймаслик учун кунига 270−300 минг сўм пул сарфлаб боқяпман. Товуқлар 24 минг сўмлик тухум қиляпти, холос. Уйдагилар, келинимизнинг номига кредит олгандим. Тўлай олмаслигим аниқ бўлиб қоляпти. Бошим жуда қотган. Қўни-қўшнилардан ҳам қарз бўлиб кетдим. Илтимосимни етказинглар, „Пахтаобод парранда“ товуқларини олиб кетсин. Бўлмаса қирилиб кетади», — деди Темур Тўхтасинов.

Ирода Мамиталиева. Фото: Kun.uz

Хўжаобод туман Хидирша маҳалласида яшовчи Ирода Мамиталиева ҳам товуқ боқиб фойда кўриш ўрнига ҳисоб-китобда фақат зарар кўраётганидан ҳайрон.

«Кунига зарарга киряпман»

«Ижтимоят» маҳалласида яшовчи, паррандачиликда катта тажрибага эга Нозимжон Холдоров лойиҳа доирасида 300 дона товуқ олган. Бир ой давомида шундан 200 таси қирилиб кетган. Товуқ боқиш устаси дорилаб, емнинг турли хилини бериб ҳам паррандаларни асраб қололмаганидан жуда афсусда.


«Ёшлигимдан товуқ боқиб фойда топганман. Ўзим қўлбола ясаган инкубаторда товуқдан ташқари товус, курка, каклик очириб парвариш қиламан. Лекин мана шу қизил товуқларни эплай олмадим. Рационда кўрсатилган барча озуқани бериб, дори-дармонларни қилдим. Кунига ўляпти. Фойда йўқ. Кунига зарарга киряпман. Нима қилишга ҳайронман. Уволидан қўрқяпман. Бизга берилган товуқлар брак ва носоғлом», — деди Нозимжон Холдоров.

Нашрнинг қайд этишича, Олтинкўл туманидаги «Ижтимоят томорқа хизмати» ва «Мақсад маҳалла томорқа хизмати» кооперативлари масъулларининг ҳам муаммоли вазиятдан чиқишга кўзлари етмаяпти.

«Туман ҳокимлиги вакиллари кам таъминланган оилаларга тарқатилаётган кўп тухум қиладиган товуқларнинг афзалликлари ҳақида тушунтирганда жуда хурсанд бўлгандим. Кооператив ташкил қилдим. Мингта товуқни «Пахтаобод парранда»дан олиб келиб тарқатдик. Лекин маҳалла одамлари орасида балога қолдим. Товуқлар тухум қилмай ўла бошлади. Одамлар «Товуқларингни олиб чиқиб кет», деб мурожаат қилиб, ҳар куни ҳафсаламни пир қилади. Товуқлар қирилиб кетди», — дейди «Ижтимоят томорқа хизмати» кооперативи раҳбари Сардорбек Исмоилов.

Сардорбек Исмоилов. Фото: Kun.uz

««Пахтаобод парранда»га бордим. Улар вилоят ҳокимлигига товуқларни тухумдонлар ривожланаётган пайтда жойидан қўзғатиб тарқатмаслик кераклиги бўйича хат билан чиққанини айтишди. Лекин ҳокимият барибир тарқатган экан. Ҳозир банкдан 100 миллион сўм кредит бўйнимда турибди. «Тетра» зотли товуқни боқиш бўйича бирор қўлланма беришмади. Дарс ўтишмади. Мана энди катта маблағга куйиб ўтирибмиз. Аҳоли кредитни тўлай олмаслиги кундай равшан. Охир-оқибат «Пахтаобод парранда» билан судлашамиз», — деди у.

«Мақсад маҳалла томорқа хизмати» кооперативи раҳбари Рустамжон Замчаматовнинг айтишича, маҳаллага тарқатилган 800 дона товуқ қирилишни бошлагач, аҳоли тирик қолган 400 дона товуқни унинг ўзига қайтариб берган. Замчаматов бу товуқлардан 40 дона қолганини билдирди.

«Баъзи хонадонлар оддий оқшоқ билан боқаётганини кўрдик» — «Пахтаобод парранда» МЖЧ директори

Маълум бўлишича, товуқларнинг катта қисми «Пахтаобод парранда» корхонасидан тарқатилган. Kun.uz мухбири ушбу корхонада бўлиб, тарқатилган товуқлар нега ўлиб қолаётгани, нархи бозордаги товуқлардан икки баробар қимматлиги, тухум туғиш самарадорлиги пастлиги сабаблари бўйича масъуллардан изоҳ сўраган.


Қайд этилишича, корхона ижрочи директори Нуриддин Қодиров айб корхонада эмаслигини таъкидлаган.

«Парранда тухумини Европадан олиб келдик. Инкубаторда очириб, 120 кун боқиб катта қилдик. Зарур бўлган вакциналар билан 100 фоиз эмлаб, тўлиқ рацион бўйича боқиб, норматив бўйича қанча вазн бўлиши керак бўлса етказиб, соғлом товуқни аҳолига тарқатдик. Тарқатгач, аҳоли хонадонларига бориб қандай боқилаётганини кўриб келяпмиз. Баъзи жойларда аҳоли кана босиб кетган жойларда боқяпти ёки юзта товуқ турадиган жойга уч юзта товуқни тиқиб қўйяпти. Норма бўйича бир метр жойда 5 бош товуқ боқилиши керак. Зич боқилган товуқлар бир-бирини чўқиб ташлайди. Каннибализм келиб чиқади. Сув бериш миқдорини билмай товуқларни қийнашяпти», — дейди у.

Қодиров ўган товуқларнинг ёриб кўрилганини айтди. «Сувсизликдан ўлганлари ҳам бор. Ўзлари касалликка чалинтириб, бизга тўнкашяпти. Ахир бу бизнинг айбимиз эмас-ку?», — дея таъкидлайди у.

Нуриддин Қодиров. Фото: Kun.uz

«Товуқ боқиладиган жой талабларга кўра: таги қуруқ бўлиши, норматив бўйича катак қилиниши, ем ва сув идиши мавжуд бўлиши, ҳаво алмашиб туриши, катакда ёруғлик режимига риоя қилиниши керак. Ҳарорат 18−25 даражада сақланса мақсадга мувофиқ бўлади», — деди корхона ижрочи директори.

«Товуқлар нега қиммат?, деган саволга жавоб берсам. Бизнинг товуқлар алоҳида рацион асосида боқилган. Соя емининг килоси 11 минг сўм. Буғдой, макка, ўсимлик ёғи ҳам қиммат бўлиб кетган. „Балиқ уни“ Болтиқбўйи давлатларидан келтирилади. Килоси 12 минг. Касалликларга қарши вакциналар билан эмлаганмиз. Битта вакцина 1 доллар туради. Нарх шу тарзда ўсиб кетди», — дейди у.

«Товуқларни хонакилаштиришга келсак, шароит яхши бўлса, 15−20 кунда хонакилашади. Етарли озуқа берилмагани учун товуқлар тухумдан қолди. Баъзи хонадонлар оддий оқшоқ билан боқаётганини кўрдик. 120 грамм озуқа еган товуқ тухум туғади-да. Товуқларни боқиш бўйича вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасида мактаб ташкил қиладиган бўлишган. Товуқбоқарлар учун алоҳида, ветеринарлар учун алоҳида ўқиш бўлиши керак эди. Бироқ келиб ўқимаган бўлса, айб бизда эмас-ку?», — дея таъкидлади Холдоров.

Андижон вилояти ҳокимлиги муносабати

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг қайд этишича, Андижон вилоятида 2022 йил давомида жами 2 минг 157 та хонадонга 215 минг 657 бош товуқ ажратилган бўлиб, бунинг учун паррандачиликда етарли тажрибага эга бўлган 5 та корхона тавсия этилган. «Корхоналар томонидан аҳолига тарқатилган паррандаларнинг соғлиги, эмланиш даражаси ва тухумга кириш қобилияти қаттиқ назоратга олинган бўлиб, аҳолига белгиланган рационга асосан парваришлаш ва ўз вақтида тухум етказиб бериш ҳаракати бириктирилган, холос», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, вилоят бўйича жами 887 та маҳаллада тасдиқланган жадвалга асосан ўқув-семинарлари ташкил этилиб, унда аҳолига тарқатилган паррандаларни парваришлаш, озиқлантириш ва даромадга йўналтириш бўйича дастлабки сабоқ берилган. Бундан ташқари, ҳар бир маҳаллага 1 нафардан зооветеринар врачлар бириктирилган, улар томонидан ўз вақтида паррандалар назоратга олинган, дейди ҳокимлик.

«Афсуски, ташкил этилган ўқув амалий-машғулотларида ҳар бир парранда боқувчи ўз вақтида иштирок этмаган ёки умуман қатнашмаган. Айрим хонадонларда зооветеринар врачлар кўрсатмасига амал қилинмаганлик ҳолатлари ҳам кузатилди. Бу эса, паррандаларни озиқлантириш ва белгиланган тартиб асосида парваришлар меъёрларига салбий таъсир кўрсатган. Юзага келган салбий ҳолатлар эса жойларда бу борада ўрнатилган тартибни янада кучайтириш лозимлигини исботламоқда», — дейилади ҳокимлик муносабатида.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ томонидан аҳоли парваришида бўлган товуқларнинг нобуд бўлишига оид сабаблар, нобуд бўлган паррандаларни қоплаб бериш чоралари ҳамда етказиб берувчи корхоналар, жумладан, «Пахтаобод парранда» МЧЖ томонидан мавзуга доир амалга оширилган ишлар таҳлили юзасидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Дастлабки ўрганиш ишлари хулосасига кўра ҳақиқатдан ҳам тарқатилган паррандаларнинг 3−4 фоизи нобуд бўлганлиги аниқланган. Ўз навбатида, ҳокимлик ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши ҳақида маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ давлат ОАВлари Андижонда тарқатилган ҳар 100 та товуқдан 80 таси тухум туғиб, 2 млн сўм (тухум нархи 1500 сўм бўлса) соф фойда келтириши мумкинлиги ҳақида хабар берган, бироқ айрим аҳоли вакиллари товуқлар 30 донадан кўп тухум қўймаётгани, баъзилари ўлиб кетаётгани ва тухум 700 сўмдан сотилаётгани, шунинг учун ҳам зарар кўраётганини таъкидлаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 апрель куни Қашқадарё вилоятидаги янги Кўкдала туманида ўтказилган йиғилишда инсонлар фаровонлиги ва эртанги кунга ишонч ўртасидаги боғлиқлик ҳақида гапирган. Ҳокимларга мурожаат қилиб: «Қўлингдан ҳеч нарса келмаса, одамларга ҳеч бўлмаганда 100 та товуқ бер… Олти ой ичида у билан гаплаш. Уларнинг дунёқараши ўзгаради», деган эди.

Давлат раҳбари ўз мурожаатида аҳоли ўртасида товуқлар тарқатилаётган Андижон вилоятини мисол қилиб келтирган эди. «Кеча Андижонни телевизорда кўрсатишяпти. Товуқ тарқатиляпти. Хўжаобод, Пахтаобод, Қўрғонтепа — энг оғир туманларимизда 100 тадан товуқ олганлар: „Мен ҳар куни камида 80 та тухум оламан“, дейди» — дея таъкидлади президент.

Ўз навбатида, «Ўзбекистон 24» телеканалининг 20 апрелдаги сюжетида ҳудудларда «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида паррандачилик ривожлантирилаётгани ҳақида сўз боради. Андижон вилоятида йил охиригача аҳоли хонадонларига 957,1 минг бош товуқ ва 30 минг бош куркалар етказиб бериш режалаштирилган эди.

Шунингдек, Парламентнинг «Халқ сўзи» газетаси ҳам аҳолининг ижобий фикрларини келтирган. Пахтаобод туманидан Иззатилло Остонақулов 110 та товуқ кунига 60 та тухум қўйиб, шундан 50 тасини сотаётгани, қолган 10 тасини эса дўконга олиб кетаётганини маълум қилган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, барча товуқлар тухум қўя бошлагач, ойига 5 млн сўм даромад олади.